Жорий йилнинг 26 февраль куни фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида таниқли журналист Анора Содиқованинг “Муфаса” тахаллуси билан саҳифа юритадиган блогер Мирсаид Ҳайдаровга қарши киритган даъво аризаси кўриб чиқила бошлади.
Kun.uz нашрининг ёзишича, соат 10:30 га белгиланган суд кечикиб бошланган. Қолаверса, жараённи ёритиш учун келган журналистлар суд бошлангунига қадар ичкарига қўйилмай турли баҳоналар билан йўлакда ушлаб турилган.
Суднинг очиқ ёки ёпиқ эканига аниқлик киритилмай бошланган жараён тахминан 40 дақиқаларда якунига етаркан, жавобгар Мирсаид Ҳайдаров ва унинг адвокати суд ёпиқ ўтишини талаб қилган. Бундан ташқари, даъвогар Анора Содиқованинг адвокатлари сони етарли бўлгани важидан суд залидан инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановни чиқариб юбориш бўйича алоҳида тақдимнома киритилган.
Даъвогарнинг адвокатлари судья нохолис эканини билдириб, ННТдан вакил сифатида ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон.Ташановнинг судда қатнашишини таъминлашни сўраб, раддия киритишган.
Анора Содиқова ўз шикоятида блогер Мирсаид Ҳайдаров турли аниқ ва аноним каналларда у ҳақида камситувчи, шаънини булғайдиган ва туҳмат гаплар ёзганини билдирган.
“Адолат истаб судга келдим, ҳеч бўлмаса конституция ишлашидан умидворман. Журналист ва аёл сифатида шаънимга айтилган бу гапларни қабул қилолмайман”, деган у.
Суд ёпиқ ўтиши ҳақидаги қарор ижтимоий тармоқларда суд муҳокамаси ошкоралиги ва ахборот олиш ҳуқуқини чеклаш дея талқин этилган.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати бунга раддия берган.
“Фуқаролик кодексининг 12-моддасига кўра, барча судларда ишлар муҳокамаси ошкора ўтказилиши белгиланган. Бироқ ишда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар ошкор бўлишининг олдини олиш, ёзишмалар сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш мақсадида ёпиқ суд муҳокамаси ўтказилишига ҳам йўл қўйилади”, дейилган Кенгаш баёнотида.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Анора Содиқова бошчилигидаги Uzdiplomat.uz жамоаси жорий йил 8 февраль куни Тошкент шаҳрида ташкил этган “Йил танлови-2024” маросими тўсқинликка учраган.
Ушбу ҳодиса ортидан ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда мустақил матбуотнинг истиқболи хусусида хавотирли фикрлар янграган.