Туркий давлатлар ташкилотининг 16 март куни ўтадиган фавқулодда саммитида қатнашиш учун Анқарага борган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 март куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашди.
Мирзиёев Эрдўғонга февралдаги зилзила оқибатида кўплаб одамлар қурбон бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди. Жабр кўрган минтақаларни қайта тиклаш ва янги инфратузилмани барпо этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлади.
Эрдўғон ўз навбатида Ўзбекистон халқига табиий офат оқибатларини бартараф этишда кўрсатган биродарлик ёрдами учун миннатдорлик билдирди.
Президент матбуот хизматининг билдиришича, “учрашувда Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларининг ривожланиш суръати мамнуният билан қайд этилди”.
Расмий билдирувда қайд этилишича, ўтган йили Ўзбекистонда Туркия капитали иштирокида 370 та янги корхона ташкил этилган. Сўнгги олти йилда Туркиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялари ҳажми 3,5 миллиард долларни ташкил этган.
16 март куни Анқарада Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарларининг “Табиий офат ҳамда фавқулодда вазиятларни бошқариш ва инсонпарварлик ёрдами” мавзусида навбатдан ташқари саммити бўлиб ўтади.
6 февралда Туркия жануби-шарқида, расмий маълумотларга кўра, 7,7 ва 7,6 балли зилзила юз берган. Бунинг ортидан 10 та вилоятда қурбон бўлганлар сони, сўнгги маълумотларга мувофиқ, қарийб 48,5 минг нафарга етган.