Анқарадаги TUSAŞ биносига ҳужум уюштирилди, қурбонлар бор

TUSAŞ биносига ҳужум уюштирилган жой, Анқара, 2024 йил 23 октябри

Туркия пойтахти Анқарада номаълумот шахслар TUSAŞ аэрокосмик ширкати биноси олдида бомба ва ўқотар қуроллар билан ҳужум уюштиришди. Ҳужум туркиялик расмийлар томонидан террор хуружи ўлароқ малакаланмоқда.

Туркия ички ишлар вазири Али Ерлиқая маълумотига кўра, ҳужум чоғида уч киши ҳалок бўлган, 14 киши яраланган. Мулозим террорчи экани иддао қилинаётган икки киши хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирганини ҳам билдирган.

Вазир Ерлиқая маълумоти ортидан ҳозирда БРИКС саммитида иштирок этиш учун Қозон шаҳрида бўлиб турган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳужум чоғида тўрт киши қурбон бўлганини билдирган.

Туркиянинг NTV телеканали хабарига кўра, ҳужумчилар TUSAŞ биноси олдига оддий таксида етиб келишган. Улар қуролларини олиб, бино ичига киришга уринишган, бироқ қўриқчилар томонидан тўхтатиб қолинган, шундан сўнг портлаш юз берган.

Ҳужум ортидан бино ичида отишма давом этган. Воқеа жойига кўплаб “тез ёрдам” машиналари йўлланган, ҳудуд хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинган. Маълумотларга кўра, ширкат ходимларига ишлаётган хоналарига қамалиб олиш буюрилган. Бу орада айрим нашрлар террорчилар бинода бир неча кишини гаровга олган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар қилишган.

Туркия адлия вазири Йилмаз Тунч содир бўлган воқеа бўйича Анқара прокуратураси томонидан тергов бошлатилганини маълум қилган.

TUSAŞ Туркиянинг учоқлар, вертолётлар, дронлар ва сунъий йўлдошлар ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи йирик ширкатларидан бири бўлиб ҳисобланади.