АОКА NeMolchi.uz асосчисига қилинган таҳдидни қоралади

Ирина Матвиенко.

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) NeMolchi.uz лойиҳаси асосчиси бўлган журналист Ирина Матвиенкога қилинган ўлим таҳдидини қоралади.

“АОКА бу каби ҳолатларни сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият кўрсатиши борасидаги янгича очиқлик сиёсатига зид хатти-ҳаракатлар сифатида кескин қоралайди. Шунга кўра, АОКА воқеликни ўрганиш ҳамда вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага ушбу масалани назоратга олишни сўраб расмий хат орқали мурожаат қилди”, - дейилади расмий билдирувда.

АОКА Ирина Матвиенкога оид вазият юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари олиб бораётган суриштирув натижаларини “диққат билан кузатиб бориши”ни, журналист ҳаёти хавфсизлиги таъминланишига, шунингдек, “қонунчиликка зид равишда таҳдид қилган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишига ишониши”ни билдирган.

Аввалроқ Озодлик радиоси NeMolchi.uz ахборот сайти муаллифи, аёллар ҳуқуқлари фаоли Ирина Матвиенко Ўзбекистонни тарк этгани тўғрисида хабар берган эди. Ирина Матвиенконинг ёзишича, унга номаълум шахслар ўлдириш билан таҳдид қилганидан сўнг, мамлакатдан чиқиб кетишга қарор қилган. Матвиенко хавф таҳдиди ариганидан сўнг Ўзбекистонга қайтишини айтган.

Ўзбекистон ИИВ 3 май куни Ирина Матвиенкого қилинган таҳдид Тезкор қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази томонидан ўрганилаётганини ҳақида баёнот берди.

Nemolchi.uz - 2017 йилда ташкил этилган мустақил ахборот лойиҳаси - Аёлларга нисбатан зўравонликка жамоатчилик эътиборни жалб қилиш ва бу масалага жамиятнинг муносабатини ўзгартиришни мақсад қилганини билдириб келади.

Урганч шаҳридаги 1-оилавий меҳрибонлик уйига берилган - 15, 16, 17 ёшдаги етим қизларнинг 10 ой давомида Хоразм вилояти давлат амалдорлари билан жинсий алоқага мажбурлангани ҳақида биринчи бўлиб NeMolchi.uz хабар қилган эди.

Мавзуга алоқадор “Ёпиқ суд ишини ёпиқ суд кўради”. Хоразмда зўрланган қизлар