АОКА Nuz.uz журналисти Михаил Довлатов журналистик текширув олиб бораётган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланиб, жавобгарликка тортилганлиги юзасидан муносабат билдирди.
Расмий баёнотда таъкидланишича, АОКА бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш илтимоси билан Бош прокуратурасга сўров хати юборди.
“Таъкидлаш жоизки, ОАВ вакилларининг касбий фаолияти давомида тазйиқ кўрсатиш, тўсқинлик қилиш каби ҳолатлар сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасидаги давлат сиёсатига зид бўлиб, Агентлик, ўз навбатида, барча даражадаги давлат идоралари ходимларини ахборот қонунчилиги ҳамда журналистлар ваколатларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради", - дейилади баёнотда.
14 январь куни Nuz.uz мухбири Михаил Довлатов Учтепа тумани 11-даҳада яшовчи фуқаролардан келиб тушган сўров бўйича журналистик суриштирув олиб бормоқчи бўлганида Тошкент шаҳри Учтепа тумани ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушлангани ҳақида хабар берганди.
У тумандаги 2-сонли ички ишлар идорасига олиб борилган ва у ерда журналистнинг телефони ҳамда ускуналари олиб қўйилган. Довлатов тахминан 5 соат қўйиб юборилмагани ва “жамоат жойида чекканлик учун жаримага тортилгани”ни билдирганди.