Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди 16 январда Nuz.uz мухбири Михаил Довлатовга нисбатан маъмурий ишни тугатди.
Олий суднинг билдиришича, журналистнинг ҳаракатида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқлиги сабабли, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми билан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш МЖтКнинг 271-моддаси (маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) 1-бандига асосан тугатилган.
14 январь куни Nuz.uz мухбири Михаил Довлатов Учтепа тумани 11-даҳада яшовчи фуқаролардан келиб тушган сўров бўйича журналистик суриштирув олиб бормоқчи бўлганида Тошкент шаҳри Учтепа тумани ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушлангани ҳақида хабар берганди.
У тумандаги 2-сонли ички ишлар идорасига олиб борилган ва у ерда журналистнинг телефони ҳамда ускуналари олиб қўйилган. Довлатов тахминан 5 соат қўйиб юборилмагани ва “жамоат жойида чекканлик учун жаримага тортилгани”ни билдирганди.
АОКА 16 январда билдирган расмий муносабатида бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш илтимоси билан Бош прокуратурасга сўров хати юборганини билдирганди.
“Таъкидлаш жоизки, ОАВ вакилларининг касбий фаолияти давомида тазйиқ кўрсатиш, тўсқинлик қилиш каби ҳолатлар сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасидаги давлат сиёсатига зид бўлиб, Агентлик, ўз навбатида, барча даражадаги давлат идоралари ходимларини ахборот қонунчилиги ҳамда журналистлар ваколатларига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради", дейилади баёнотда.
Айни пайтда Ўзбекистонда ҳукумат расмийлари ва маҳаллий мансабдорларни танқид қилгани учун қатор журналистлар ва блогерлар қамоққа ҳукм қилинган. Жумладан, сўнгги марта 2023 йилнинг декабрида Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди ҳукми билан блогер Отабек Аҳлиддинов 7,1 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Отабек Аҳлиддинов Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги марказий поликлиникада бўлим раҳбари лавозимида ишлаган. Айблов хулосасига кўра, Аҳлиддинов 200 миллион сўмдан ортиқ пулни ўзлаштириб юборган.
Блогер шу йилнинг сентябрида қамоққа олинган. Дастлаб у жиноят ишлари бўйича Хонобод тумани суди ҳукми билан 5,1 йилга қамалган эди. Сўнг прокуратуранинг протести асосида апелляция суди ишни қайта кўриб, муддатни 7,1 йилга узайтирган.
Отабек Аҳлиддинов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти аъзоси бўлган. У ўз чиқишларида қатор ҳукумат тизимлари фаолиятини танқид қилган эди.
Бундан олдин Ўзбекистонда қатор блогерлар, жумладан, Отабек Сатторий, Олимжон Ҳайдаров ва бошқалар узоқ йилларга қамалганди.