Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ташқи ишлар вазирлигининг польшалик журналист Агнешка Пикулицка-Вилчевскадан узр сўраганини маъқуллайди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, хорижлик журналист аёлнинг аккредитациядан ўтиши билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда маълумотлар эълон қилиниши билан АОКА ТИВ ахборот хизматига мурожаат қилиб, кўтарилган масалани ҳар томонлама ўрганиш ва унга аниқлик киритишни сўраган.
“Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Агнешка Пикулицка-Вильчевсканинг журналистлик аккредитациясини расмийлаштириш жараёни ижобий якунланишига умид қилади. Бундан ташқари, Агентлик яна бир бор барча давлат органларини журналистлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий қонунчиликни ҳурмат қилишга ва унга қатъий риоя қилишга чақиради”, дейилган АОКА хабарномасида.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вазирлик ходимини ўзига нисбатан жинсий тегажоғлик қилиш ҳамда ижобий мақолалар ёзишни сўраб босим ўтказишда айблаган польшалик журналистдан кечирим сўрагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.
The Guardian, Al Jazeera, The Diplomat ва Eurasianet нашрлари билан ҳамкорлик қилиб келган мустақил журналист Агнешка Пикулицка-Вильчевска 1 февраль куни Твиттердаги ўз саҳифасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитацияга ариза топширганидан олти ой ўтиб рад жавоби олганини маълум қилган. Хорижий журналистнинг сўзларига кўра, вазирликнинг Рустам исмли ходими унга жинсий тегажоғлик қилган ва ижобий мақолалар ёзишини сўраб босим ўтказган.
Бунинг ортидан Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳамда Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси ўзбек расмийларини Агнешка Пикулицканинг иддаоларини ҳар томонлама текширишга чақирган.