АҚШнинг Apple корпорацияси Калифорнияда ўтказилган WWDC 2024 анжуманида ўзининг Apple Intelligence деб номланган генератив сунъий интеллект тизимини тақдим этди. Тақдимот трансляцияси ширкати сайтида ёйинланди.
ChatGPT муқобили бўлган генератив сунъий интеллект Apple ширкати ишлаб чиқарган компьютерлар ва мобил жиҳозлар, шу жумладан iPhone телефонлари ва Apple Vision Pro виртуал воқелик шлемлари операцион тизими ичига киритилади. Бундан ташқари, тил модели Siri овозли ёрдамчи дастурига ҳам киритилади. Тақдимотда қайд этилишича, Apple Intelligence матнлар тайёрлаб беришдан ташқари тасвирни ҳам генерация қила олади.
Ўзининг генератив тармоғидан ташқари Apple фойдаланувчиларга ChatGPT каби энг оммабоп сунъий интеллект иловасидан ҳам фойдаланиш имкониятини тақдим этади. Иловадан фойдаланиш бепул ва ундан ChatGPTни ишлаб чиқарган OpenAI ширкати сайтида рўйхатдан ўтмасдан ҳам фойдаланса бўлади.
Apple Intelligence тизимидан АҚШда iOS 18, iPadOS 18 ва macOS Sequoia операцион тизимлари фойдаланувчилари шу ёзнинг ўзида инглиз тилида фойдаланишни бошлашлари мумкин. Кейинроқ ширкат бу имкониятни бошқа мамлакатлар ва тиллар учун ҳам тақдим қилмоқчи. Тақдимотда ChatGPTдан фойдаланиш имконияти ҳам 2024 йил ичида берилиши қўшимча қилинган.