Бир қанча авиакомпаниялар Украина пойтахтига парвозларни бекор қилди. Якшанба куни Киев НАТО аъзоларидан янги қурол-яроғ жўнатмаларини қабул қилди. Россия бир неча кун ичида бостириб кириши мумкинлиги ҳақида хавотирлар бунга сабаб бўлмоқда, дея хабар беради “Associated press”.
Владимир Зеленский ва Жо Байден ўртасида бир соатга яқин мулоқот бўлиб ўтди. Мулоқот давомида Украина ўзидан анча кучли бўлган Россиянинг тажовузидан “хавфсиз ва ишончли ҳимоя” остида эканлиги таъкидланган. Оқ уйга кўра, иккала томон ҳам Россиянинг ҳарбий тажовузи олдини олиш учун тийиб турувчи чоралар ва дипломатияни давом эттиришга келишиб олган.
Байден маъмурияти Россиянинг яқин кунларда Украинага бостириб кириши учун атайлаб баҳона яратиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларини очиқ, бот-бот таъкидламоқда.
АҚШ ва Европа разведкаси маълумотларига кўра, Россия Украина шарқида сешанба куни бўлиб ўтиши режаланган Украина ҳарбий машғулотларини нишонга олишга уриниб кўриши мумкин. Бу ҳақида масаладан яхши хабардор икки шахс анонимлик шарти билан маълум қилган.
АҚШ разведкаси расмийларининг фикрича, ҳарбий машғулотларни нишонга олиш Россиянинг ёлғон байроқ операцияси уюштириш учун бир нечта вариантлардан бири. Оқ уй Владимир Путин уруш бошлаш учун якуний қарорга келганми ёки йўқлиги ҳақида аниқ билмаслигини таъкидлади. Бу ҳақида “Associated Press” xабар қилган.
Москва Украинанинг шимоли, шарқи ва жанубида тўпланган қўшинлари ҳарбий машғулотлар учун эканлигини иддао қилмоқда.
Байден маъмуриятининг ҳисоб-китобига кўра, ҳозирда Украина чегараси яқинидаги рус қўшинлари 130 000 дан ошган.
Зеленский шанба куни эфирга чиқиб "Биз хавф мавжудлигини яхши тушуниб турибмиз. Агар сизда ёки кимдадир Россия 16 февралда бостириб киришига 100 фоиз аниқ бўлган маълумот бўлса, илтимос, уни бизга юборинг” дея таъкидлаган.
Зеленский ваҳима қилмасликка чақирган бўлса-да, фуқаролар ва ҳарбий раҳбарлар ҳам мудофаа учун шайланмоқда.
Кеча, Литвадан АҚШда ишлаб чиқарилган “Стингер” зенит ракеталари ва ўқ-дориларини олиб кетаётган ҳарбий юк самолёти Украинага қўнди. Бу мамлакатнинг ҳаво ҳужумидан мудофаасини мустаҳкамлайди.
Киевда ҳаммаям Россиянинг Украинага қарши иқтисодий, ҳарбий ёки умуман қандайдир чоралар кўришига ишонмаяпти. Пойтахт марказий кўчасида "Мен Украинани яхши кўраман" деган ёзувларни кўтариб турган Алона Бузницкая исмли аёл хотиржам эканини айтган.
“Биз Россияга сюрприз уюштиришига, Украина ёки бутун дунёга муаммо яратишига имкон бермаймиз”, дейди АҚШ Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан якшанба куни CNNга берган интервьюсида
"Биз кўрганларимизни дунёга иложи борича шаффоф ва очиқ тарзда тақдим этамиз", деди у.
Россия ракеталарни, ҳаво, денгиз учун мўлжалланган қуролларини ва махсус кучларини керакли позицияларга жойлаштирди. Шу ҳафта Россия олтита амфибия ҳужум кемасини Қора денгизга олиб чиқиб машғулотлар ўтказган.
Путин Украинага ҳужум қилиш ниятини рад этиб келади. Россия Ғарбдан собиқ иттифоқ давлатларини НАТОга кирмаслигини, шунингдек, НАТОдан ўз чегараси яқинида қурол-яроғ жойлаштирмасликни ва иттифоқ кучларини Шарқий Европадан олиб чиқишни талаб қилмоқда. Москванинг бу талаблари Ғарб томонидан қатъиян рад этилган.
Шанба куни Байден ва Путин бир соатдан кўпроқ суҳбатлашди, аммо Оқ уй бу мулоқот Европада яқинлашиб келаётган уруш хавфини камайтирди дея олмаслигини таъкидлаган.
Украина ҳаво ҳаракати хавфсизлиги агентлиги “ Ukraerorukh” Қора денгиз усти ҳаво ҳудудини “эҳтимолий хавф зонаси” деб эълон қилди ва 14-19 февраль оралиғида денгиз узра парвоз қилмасликни тавсия қилди.
Путин ва Байден суҳбати Россия ва Ғарб ўртасидаги Совуқ Урушдан кейинги энг йирик кескинлик палласига тўғри келди. АҚШ расмийлари уруш ва қон тўкилиши олдини олиш учун бир неча кун бор деб ҳисобламоқда.
Германия канцлери Олаф Шольц душанба куни Киевга учиб, Зеленский билан, сешанба куни эса Москвада Путин билан учрашади.
АҚШ ва НАТО Россия билан курашиш учун Украинага қўшинларини юбормаслигини аниқ баён қилди.
Қўшма Штатлар Киевдаги элчихонасидан кўплаб америкаликларни қайтарди ва барча АҚШ фуқароларини Украинани зудлик билан тарк этишга чақирди. Британия ҳам бошқа Европа давлатлари каби ўз фуқароларини Украинани тарк этишга чақирган.
Байден АҚШни НАТОнинг шарқий қанотини мустаҳкамлаш учун Польшага яна қўшимча 3000 ҳарбий жўнатишни буюрди. АҚШ армияси Германиядан 1000 нафар аскарни Польша сингари Украина билан чегарадош бўлгaн Руминияга юборилишига ҳам бошчилик қилмоқда.