АҚШнинг сайланган президенти Жо Байденга 21 декабрь куни коронавирус инфекциясига қарши икки дозали вакцинанинг илк дозаси киритилди. Эмлов жараёни телевидение орқали бевосита эфирга узатиб турилди.
Байден эмловни амалга оширган Делавэр штатидаги клиника ходимларига миннатдорчилик билдирди ҳамда сўнгги ҳафталарда оммавий эмлов кампаниясини йўлга қўйган Дональд Трамп маъмурияти саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Аввалроқ АҚШ вице-президенти Майк Пенс ва бошқа қатор сиёсатчилар камералар қаршисида эмловдан ўтганди. Уларнинг барчаси ўз мисолида вакцина хавфсиз эканини кўрсатиш ва америкаликларни эмланишга чақириш ниятида эканини билдирганлар.
Байден Pfizer корпорацияси препарати билан эмланган, айни пайтда АҚШда одамлар ўз истакларига кўра Moderna ширкати препарати билан ҳам эмланишлари мумкинлиги айтилмоқда.
Байден бир ой муқаддам 78 ёшга тўлган, тиббиёт ходимлари бундай ёшни коронавирус инфекцияси учун хатар гуруҳига киритган. Одамлар орасида ўзи ҳам ниқобда юрадиган Байден америкаликларнинг барчасини доим эҳтиёт чораларига риоя қилишга чақириб келади.
Қўшма Штатларда сўнгги пайтларда COVID-19 га чалиниш бўйича кунига 200 мингдан зиёд янги ҳолат қайд этилмоқда. Эпидемия бошидан бери коронавирус юқтириб олган америкаликлар сони 18 миллион нафардан, қурбонлар сони эса 320 минг нафардан ошган.