АҚШ президенти Жо Байден Демократик партиянинг Жанубий Каролина штатида ўтказилган биринчи праймеризида ғолиб бўлди.
Овоз беришнинг дастлабки натижаларига қараганда, Байден Миннесота штатидан Конгресснинг Вакиллар палатаси аъзоси Дина Филлипс ва ёзувчи Марианна Уильямсондан кўпроқ овоз олган.
Бунинг ортидан штатдан праймеризга делегат этиб сайланган барча 55 делегатнинг овози Байден фойдасига ҳисобланади.
23 январда Нью-Гэмпширда ҳам демократлар праймеризи бўлиб ўтган эди. Унда овоз бериш бюллетенига Байден киритилмаганди. Шунга қарамай, дастлабки овоз беришда қатнашган демократлар Байденни дастаклаган.
Нью-Гэмпширдаги республикачилар праймеризида собиқ президент Дональд Трамп ғолиб бўлди. У бўлажак президентлик сайловида Байденнинг асосий рақиби бўлиши таҳмин қилинмоқда.
АҚШ президентлигига сайлов кампанияси 5 ноябрда умуммиллий овоз бериш билан якунланади. Сайловда ғалаба қозонган номзод 2025 йилнинг 20 январида президент сифатида қасамёдга келтирилади.