АҚШ Давлат котиби Марко Рубио USAID дастурларининг 83 фоизи ёпилишини очиқлади

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио

АҚШ Давлат департаменти раҳбари Марко Рубио Қўшма Штатларнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) дастурларининг 83 фоизи ёпилиши ҳақида эълон қилди.

Мулозим Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида 6 ҳафталик текширув якунларига кўра қарор қабул қилинганини ёзди.

“Эндиликда бекор қилинаётган 5200 та шартнома доирасида ўнлаб миллиард доллар шунда йўсинда сарфланганки, улар АҚШнинг асосий миллий манфаатларига хизмат қилмаган (айрим ҳолларда эса ҳатто зарар берган)”, дея қайд этган Рубио.

У Конгресс билан маслаҳатлашувлардан сўнг Давлат департаменти қолган 1000 га яқин дастурни самарали бошқармоқчи эканини қўшимча қилган.

Февраль ойи охирида Дональд Трамп маъмурияти USAID орқали хорижий давлатларга ёрдамнинг 90 фоиздан кўпроғи тўхтатиб қўйилгани ҳақида баёнот берган эди. Ўшанда АҚШ расмийлари умумий ҳисобда 5800 га яқин грант берилишини тўхтатиб қўйишгани айтилган.

Озиқ-овқат ёрдамини молиялаштириш, ОИВ, сил ва безгак хасталиклари муолажаси учун дори-дармон етказиб бериш билан боғлиқ дастурлар сақлаб қолинган. Бундан ташқари, Ливан, Ҳаити, Венесуэла, Куба ва АҚШ грантига ҳаётий зарурати бўлган бошқа мамлакатларга ёрдам дастурларига тегилган эмас.

Март ойи бошида АҚШ Олий суди расмийларнинг хорижий ташкилотларга бажариб бўлинган лойиҳалар учун USAID орқали тўлаб берилиши керак бўлган 2 миллиард долларга яқин маблағни музлатиб қўйишга оид талабномасини қаноатлантиришдан бош тортган.

АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Конгресс томонидан 1961 йилда тузилган мустақил ҳукумат агентлиги бўлиб ҳисобланади. Агентлик АҚШ ҳукуматининг халқаро ёрдам кўрсатиш бўйича асосий бўлинмаси бўлиб, у дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларида дастурларни молиялаштиришга ҳар йили Конгрессдан ўнлаб миллиард доллар маблағ олиб келган.

АҚШ Конгресси Тадқиқот хизматининг (CRS) яқиндаги ҳисоботида 2023 молия йилида USAID тасарруфида 130 та мамлакатдаги лойиҳаларни дастаклаш учун ажратилган 40 миллианд доллардан кўпроқ маблағ бўлгани ҳақида айтилган. Энг кўп ёрдам олган мамлакатлар учлигига Украина, Ҳабашистон (Эфиопия) ва Урдун (Иордания) каби давлатлар кирган.