АҚШ давлат котибининг фуқаролар хавфсизлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича ўринбосари Узра Зея хоним Тошкент сафари доирасида 22 май куни Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан учрашган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Халқаро ҳамкорлик бошқармаси маълумот тарқатди.
“Тадбир жараёнида иштирокчилар икки томонлама амалий ҳамкорликнинг долзарб йўналишлари, хусусан, Ўзбекистон ва АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, инсон ҳуқуқлари, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан кибержиноятлар, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ва одам савдосига қарши курашиш йўналишларида ижобий тажриба алмашиш каби икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига оид масалаларни муҳокама қилдилар”, дейилган ИИВ хабарномасида.
АҚШ Давлат департаменти мулозимаси Узра Зея хонимнинг вазир Бобожонов билан учрашуви давомида Ўзбекистонда ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқаролар ҳуқуқлари бузилаётганига оид айрим ҳолатлар, хусусан ИИОга тегишли бино ва ҳибсхоналардан ҳануз ўликлар чиқаётгани ҳамда тизимда инсонларга нисбатан қийноқ ва ғайриинсоний муносабатлар давом этаётгани каби масалалар ҳам муҳокама этиб-этилмагани ҳақида маълумот йўқ.
ИИВ раҳбари Бобожоновдан ташқари америкалик мулозима Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев, президент Мирзиёевнинг тўнғич қизи ва бош ёрдамчиси Саида Мирзиёева билан ҳам учрашган.
“Америка томони хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ОАВ ва сўз эркинлигини таъминлаш, шунингдек, фуқаролик жамияти ҳамда ННТ фаолияти самарадорлигини ошириш борасида мамлакатимизда олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди”, деб ёзган Саида Мирзиёева 22 май куни ўз Телеграм-каналида.