АҚШ, Канада, Япония, Буюк Британия ҳамда Европа Иттифоқи давлатлари дохил 35 та мамлакат 5 июль куни Россия ва Беларусга қарши спорт санкцияларини кучайтиришга чақирилган қўшма баёнотни имзолади.
Янги чеклов чоралари доирасида:
- Халқаро спорт федерацияларининг Россия ва Беларусь миллий спорт бошқарув органлари билан ҳамкорлигини тўхтатиш;
- Россия ва Беларусь ҳукумати билан яқин алоқаларга эга шахсларни халқаро спорт федерацияларидаги нуфузли лавозимлардан четлатиш;
- Россия ва Беларусда халқаро спорт мусобақалари трансляцияларини вақтинча тўхтатиш имкониятларини кўриб чиқиш назарда тутилган.
“Миллий ёки халқаро спорт ташкилотлари ушбу икки мамлакат атлетларига мусобақаларда иштирок этишга рухсат берган тақдирда ҳам улар фақат нейтрал мақомдагина қатнашишлари керак”, дея урғуланган баёнотда мусобақаларда Россия ёки Беларусь байроқлари, герб ва гимнларидан фойдаланиш тақиқланиши лозимлиги айтилган.
Украинада уруш бошланганидан сўнг кўплаб халқаро спорт ташкилотлари, ХОҚ тавсиясига мувофиқ, россияликларни мусобақаларга жалб этмай қўйган. Улар футбол, хоккей, енгил атлетика ва фигурали учиш каби спорт турларида мусобақалардан буткул четлатилган. Автоспорт, велоспорт, теннис ва шахматда эса нейтрал мақомда иштирок этишмоқда.