АҚШ элчиси Ўзбекистонни АЭС бўйича эҳтиёткорликка ундади

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳэник

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатдаги илк атом электростанцияси қурилишида техник ҳамкорларни танлашда ўта эҳтиёткор бўлишга чақирди. Дипломат бу масалага Podrobno.uz нашри мухбирига берган интервьюсида тўхталган.

Албатта, ҳамкорларни танлаш Ўзбекистоннинг ихтиёрида. Биз тадқиқот ва технологик ишланмаларда, шунингдек, техник ҳамкорларни танлашда ўта эҳтиёткор бўлишга ундаган бўлар эдик. Хавфсизлик ва бошқа масалаларда эътироф қозонган (техник ҳамкорлар) республикага энг мақбул технологиялар мажмуасини таклиф этиши мақсадга мувофиқдир”, деган АҚШ элчиси.

Америкалик дипломат расмий Тошкент қандай қарор қабул қилишидан қатъи назар, Қўшма Штатлар салоҳиятни ошириш, техник экспертиза жабҳаларида ҳамкорлик қилишдан мамнун бўлишини қайд этган.

Ўзбекистон жорий йил июнь ойида “Росатом” давлат корпорацияси билан кичик қувватли АЭС қурилишига доир ҳужжатни имзолаган. 330 МВт қувватга эга станция (ҳар бири 55 МВт қувватга эга олтита реактор) Жиззах вилояти ҳудудида барпо этилади.

Дунё узра Путиннинг ядровий таҳдиди муаллақ турган паллада Ўзбекистон Россия билан биргаликда КҚАЭС қуришга киришаётгани маҳаллий фаолларнинг эътирозига сабаб бўлган. Жамоатчилик бу лойиҳа Кремль қўлида Ўзбекистонга қарши “шантаж қуроли” бўлиб қолишидан хавотирда.