АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси жорий йилнинг 10 июнидан визага ариза топшириш бўйича янги тизим ишга туширилганини эълон қилди.
Элчихона матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур тизим ёрдамида мурожаатчилар виза бўйича маълумотга эга бўлиш, талаб этилган виза учун маъмурий тўловни амалга ошириш, виза бўйича суҳбат санасини белгилаш ҳамда етказиб бериш хизматидан фойдаланиш имкониятига эга бўлишади.
Визага ариза топширишнинг янгича жараёнига мувофиқ, мурожаатчи барча зарурий тўловларни суҳбатга ёзилиш қайд этилгунига қадар тўлаши керак бўлади. Мурожаатчиларга виза учун тўловни қуйидаги йўллар билан амалга ошириш имконияти берилади:
- “Tenge Bank”нинг барча филиалларида нақд пул орқали (Тўловлар АҚШ Элчихонасида қабул қилинмайди).
- Веб-сайтда АҚШ долларида пластик карта орқали.
Янги тизим 10 июндан бошлаб https://ais.usvisa-info.com/ веб-сайтида 2 июль ва ундан кейинги саналар учун барча ноиммиграцион виза суҳбатлари санасини белгилаш учун фаолият юрита бошлайди.
“Янги суҳбат тизими орқали суҳбатсиз визага мурожаат этиш талабларига жавоб берувчи мурожаатчилар етказиб бериш хизмати ёрдамида ҳужжатларини Консуллик бўлимига топширишлари ҳамда ҳужжатларини белгиланган тегишли бўлинмадан қабул қилиб олишлари мумкин бўлади”, дейилган элчихона хабарномасида.
Америкалик дипломатлар аввалги суҳбат тизимидан фойдаланган ҳолда июнь ойи учун суҳбат санасини белгилаган виза мурожаатчилари белгиланган санада виза суҳбатига келишлари ва виза учун тўловни бинонинг ичида суҳбатдан аввал амалга оширишлари лозимлигини эслатганлар.