CNN: АҚШ Украинага мусодара қилинган Эрон қуролларини беради

Қуроллар Яманга бораётган Эрон кемаларидан мусодара қилинган.

АҚШ Украинага Эрондан мусодара қилинган минглаб қурол ва ўқ-дорини етказиб беради. Бу ҳақда CNN Вашингтон расмийларига таянган ҳолда хабар берди.

АҚШ Марказий қўмондонлигининг билдиришича, Эронда ишлаб чиқарилган бир миллиондан кўпроқ патрон 2 октябрда Киевга етказилган. Хабарда таъкидланишича, 2023 йилнинг 20 июлида АҚШ ҳукумати Адлия вазирлиги қарори билан мусодара қилинган мазкур ўқ-дори ва қуролларга эгалик қилиш ҳуқуқига эга бўлган.

Июль ойида АҚШ Адлия вазирлиги америкалик ҳарбийлар томонидан Эронда қўлга туширилган “9 минг ўқ отар қуролни, 284 пулемётни, 194 гранатомётни, 70 дан ортиқ танкка қарши бошқарилувчи ракетани ва 700 мингдан ортиқ патронни” қонунийлаштиришга уринаётгани тўғрисида маълум қилганди.

CNN телеканали хабарида қайд этилишича, Оқ Уй бир неча ойдан бери АҚШ Марказий қўмондонлигининг Яқин Шарқдаги объектларида сақланаётган қуролларни Украинага қонуний асосда етказиб бериш масаласини ўрганаётган эди.

Сўнгги бир йил ичида АҚШ ҳарбий денгиз кучлари Яманга бораётган Эрон кемаларидан камида мингта автомат ва бир миллиондан ортиқ патронни мусодара қилган.