АҚШ Ғазо сектори ва Урдун дарёси Ғарбий соҳилидаги фаластинликларга 336 миллион доллар миқдорида қўшимча гуманитар ёрдам ажратмоқчи. Бу ҳақда Reuters агентлиги АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигидаги (USAID) манбалардан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Бу маблағ мазкур ҳудудларга озиқ-овқат, дори-дармон ва биринчи эҳтиёж молларини етказиб бериш, шунингдек, Исроил армиясининг ҳарбий амалиёти туфайли ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган фаластинликларни келаётган қишда вақтинча бошпана билан таъминлаш имконини беради.
USAID вакиллари сўнгги йилда Ғазо сектори ва Урдун дарёси Ғарбий соҳили гуманитар буҳрон ҳолатида эканини қайд этишган.
“АҚШ можаронинг барча томонларини сулҳ ҳақида келишувга эришиш ва гаровдаги кишиларни зудлик билан озод этиш ҳамда Ғазо секторига кенг кўламда инсонпарварлик ёрдами етказиш имкониятини таъминлашга чақиришда давом этмоқда”, дея таъкидлашган агентлик ходимлари.
Ўтган йилнинг 7 октябрида АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳи Исроил жанубига ҳужум уюштирган. Ҳужум натижасида 1200 га яқин исроиллик ўлдирилган, 250 чоғли киши ўғирланиб, Ғазо секторига олиб кетилган. Бунга жавобан Исроил ҲАМАСга қарши жанговар ҳаракатларни бошлаган. Ҳарбий амалиёт натижасида Ғазо секторида яшовчи юз минглаб одам уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
ҲАМАС назорати остида бўлган Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги иддаосича, Исроил бомбардимонлари оқибатида секторда яшовчи 30 мингдан зиёд киши нобуд бўлган.
Фаластин мухторияти бир қисмини назорат қиладиган Урдун дарёсининг Ғарбий соҳилида ҳам ҲАМАС тузилмалари мавжуд, бироқ у ерда ҲАМАС вакиллари расман ҳокимият тепасида эмас.
БМТ ва дунёдаги кўплаб мамлакатлар ҲАМАС ва Исроилни имкон қадар тезроқ сулҳ битимини тузишга чақириб келишмоқда. АҚШ, Қатар ва Миср бу масалада воситачи бўлишлари мумкинлигини айтишяпти. Бироқ шу пайтгача ўтказилган музокараларнинг барчаси боши берк кўчага кириб қолмоқда.