Сўнгги ўн кун ичида АҚШ университетларида Ғазодаги урушга қарши намойишларда иштирок этган камида 900 киши қўлга олинган. Улар орасида “Яшиллар партияси”дан президентликка номзод Жилли Стайн ҳам бор.
Талабалар исёни тўлқини 18 апрель куни шаҳар полицияси Колумбия университети кампусида 100 дан зиёд норозини тутиб кетганидан кейин бошланган. Орадан тўрт кун ўтгач, университет кампус ҳудудидаги лагерни тарқатиб юбориш учун яна полиция чақирган. Бу ерда норозилик акцияси иштирокчилар билан тўқнашув бўлиб ўтган: улар полицияга ичига сув тўлдирилган шишалар отишган. The Washington Post хабарига кўра, у ерда 120 киши ҳибсга олинган.
Бостондаги Эмерсон коллежида ҳам полиция билан тўқнашув рўй берган – тўқнашувда тўрт нафар полициячи жароҳатланган, 108 киши ҳибсга олинган. Жорджия штатида полиция маҳаллий университет ҳудудидаги лагерни тарқатиб юборишда электрошокерлар ва “кимёвий моддалар”дан фойдаланганини билдирган.
Сент-Луисдаги Вашингтон университетида полиция фаластинликлар тарафини олиб ўтказилган акциянинг 100 дан зиёд иштирокчисини қўлга олган. Ушланганлар орасида “Яшиллар партияси”дан президентликка номзод Жилл Стайн ҳам бўлган. Стайннинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида бунга оид бир неча фото ёйинланган бўлиб, у ерда Стайн Ғазода содир бўлаётган воқеаларни “геноцид” деб атаган.
Жанубий Калифорния университетида ўнлаб одам ушланган. Шундан сўнг ОТМда хавфсизлик нуқтаи назаридан май ойида бўлиб ўтиши керак бўлган диплом топшириш маросими бекор қилинган. Мазкур маросимда 65 минг киши иштирок этиши кутилаётган эди.
Айни пайтда шаҳар полицияси ҳамма жойда ҳам университетлар чақируви билан келишга рози бўлмаяпти. Дейлик, Колумбия округи полицияси “оз сонли тинч намойишчиларга қарши чора кўриш департамент манфаатларига тўғри келмайди”, деб ҳисоблаб, Жорж Вашингтон университетига борган эмас, деб ёзган WP.
Лос-Анжелес полицияси ҳам Калифорния университети кампусидаги тартибсизликларни бостиришда иштирок этмаган. У ерда, Reuters хабарига кўра. 28 апрель куни фаластинпараст ва исроилпараст намойишчилар ўртасида тўқнашув содир бўлган.
ОТМ раҳбарияти акция иштирокчилари норозиларнинг икки гуруҳини ажратиш учун ўрнатилган тўсиқни бузиб ўтганини маълум қилган. Икки гуруҳ вакиллари бир-бирлари туртиб-суртиб, турли шиорларни қичқириб айтишиб, бир-бирларини ҳақорат қилишган – пировардида жанжалга тўқмоқлар билан қуролланган кампус полицияси аралашган. Бу ерда намойишлар ушлангани ёки ҳибсга олингани ҳақида маълумот йўқ.
Фаластин тарафини олаётган акция иштирокчилари Ғазо секторида ўт очиш тўхтатилиши, Исроил билан бизнес юритувчи мудофаа ширкатларига инвестиция ётқизмаслик ҳамда АҚШ томонидан Исроилга ҳарбий ёрдамнинг тўхтатилишини талаб қилишмоқда. Яҳудий миллатига мансуб талабалар Исроилни танқид қилиш кўпинча антисемитизмга айланиб кетаётгани ва ўзларини хатарда ҳис қилишларига сабаб бўлаётганини айтмоқдалар. Улар ҲАМАС Исроилда ўтган йил кузида гаровга олинган кишиларни ҳалигача ушлаб ўтирганини ҳам эслатганлар.
Университетлар раҳбариятлари рухсат этилмаган норозилик акциялари тартиб-интизомни бузаётгани, ўқишга халақит бераётгани ҳамда яҳудийларни камситиш ва антисемитизмга йўл очаётганини билдирмоқдалар. Талабалар ташкилотлари лидерлари антисемитизм ва камситиш кўринишлари онда-сонда учраб турганини тан олишмоқда, бироқ улар бунда “талабалик ҳаракатини қўлга олишга уринаётган бегона шахслар”ни айблашмоқда.
АҚШ президенти Жо Байден университетлар кампусларида содир бўлаётган воқеалардан хабардор. Оқ уйнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича вакили Жон Кирби норозиларда ўз фикрларини очиқ айтиш ҳуқуқи бўлиши кераклиги, бироқ бу иш тинч йўл билан амалга оширилиши лозимлигини айтмоқда. Айни пайтда мулозим Оқ уй антисемитизм ва нафрат ифодаларини қоралашини қўшимча қилган.