АҚШ давлат котиби: Ғазода қурбонлар кўп, аммо бу геноцид эмас

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 9 январда Тель-Авивда ўтказилган матбуот анжуманида ғазо бўлгасида ҳалок бўлганлар сони жуда кўп эканини тан олди ва айни пайтда бу ҳолатни геноцид сифатида талқин қилинишига қарши эканини билдирди.

Озодликнинг “Настояшчее время” лойиҳаси бу ҳақда хабар берар экан, Блинкен фаластинликлар имконият пайдо бўлган заҳоти уйларига қайтиши мумкин эканликларини ва БМТ билан Ғазодаги талафотлар бўйича баҳолаш миссияси юзасидан келишув мавжудлигини таъкидлаганини маълум қилди.

Блинкеннинг айтишича, АҚШ фаластинликларни Ғазо бўлгасидан бошқа жойларга кўчириш таклифига қарши. Блинкенга кўра, Фаластин ҳукумати ўз ислоҳотлари учун масъулдир. Блинкен Яқин Шарқдаги қатор давлатлар Ғазога инвестиция киритишга тайёр эканини, бунинг учун Фаластин давлатини ташкил этиш юзасидан аниқ режа лозимлигини урғулади.

“Ғазода тинч аҳоли, айниқса болалар орасидаги талафотлар жуда катта... Бош вазир (Бинямин Нетаняҳу) айтганидай, Қўшма Штатлар фаластинликларни Ғазодан бошқа ҳудудга кўчирилишига оид ҳар қандай таклифларга мутлақо қарши. Бош вазир менга бугун бу Исроил ҳукумати сиёсати эмаслигини тасдиқлади”, – деди Блинкен.

Блинкен бош вазир Бинямин Нетаняҳу билан 9 январда Исроилда ўтказган учрашувидан сўнг мана шундай баёнот берди. АҚШ Давлат департаментининг расмий билдирувида айтилишича, Блинкен музокаралар чоғида “тинч аҳолига зарар етказмаслик муҳим масала” эканини таъкидлаган.

Аввалроқ БМТ Гуманитар хизмати раҳбари Мартин Гриффитс уч ойлик уруш ортидан Фаластин ҳудуди “вайроналарга айлангани ва инсон яшамайдиган бўлга бўлиб қолиши мумкинлиги”дан ҳавотир билдирган эди.