АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Diversity Visa (Green Card) дастурида иштирок этиш ниятида бўлганларга 10 банддан иборат тавсия ва маслаҳат берди.
Элчихона талабгорларга dvprogram.state.gov сайти орқали дастур шартлари билан танишиб чиқиш, фақат АҚШ ҳукуматининг расмий веб-саҳифаларида келтирилган маълумотларга таяниш, сохта сайт ёки фирибгарларга алданиб қолмасликни уқтирган.
Қайд этилишича, грин-карта дастурида иштирок этишнинг ягона йўли dvprogram.state.gov сайти орқали ариза топширишдир. Ариза тўлдириш бепул бўлиб, номзод охирги олти ой ичида олинган фотосуратидан фойдаланиши лозим.
Бир иштирокчи фақат бир марта ариза топшириши мумкин. Бу қоидани бузганлар дастурдан четлаштирилади.
“Сиз билан бирга саёҳат ёки иммиграция қилмайдиган тақдирда ҳам, аризангизга турмуш ўртоғингиз ва 21 ёшдан кичик ва турмуш қурмаган барча фарзандларингизни киритишингиз кераклигини ёдда тутинг. Дастурда иштирок этиш учун танланган ҳолатингизда ҳам, аризангизга хато ёки тўлиқ бўлмаган маълумот киритган бўлсангиз, дастурдан четлаштирилишингизни инобатга олинг”, дейилади элчихона тавсияларида.
Дипломатик ваколатхона махсус тасдиқлов рақамини сақлаб қўйиш ва 2024 йилнинг май ойида дастур бўйича танлов натижасини текширишни эслатган.
Green Card лотереясининг янги мавсумида иштирок этиш учун аризалар қабули 4 октябрдан бошланиб, 7 ноябргача давом этади.
Ўзбекистон анъанавий равишда Green Card ғолиблари сони бўйича олдинги ўринларда туради.
2023 йилги грин-карта бўйича энг кўп ғолиб Миср (5529) ва Жазоирда (5526) қайд этилган. Ўзбекистон эса 5511 нафар ғолиб билан дунё бўйича рўйхатда учинчи ўринни эгаллаган.