“Хорижий агентлар”га оид қонун туфайли АҚШ Грузия билан ҳамкорлик масалаларини қайта кўриб чиқишни бошлаб, бу мамлакатнинг айрим фуқароларига нисбатан виза чекловини жорий қилади. Бунга оид қарор АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен томонидан очиқланди.
Виза чеклови “Грузияда демократияга путур етказишга алоқадор ёки бунга масъул шахслар” ва уларнинг оила аъзоларига қарши киритилади. Блинкенга кўра, “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун фикр ва уюшма эркинлигини бўғади ҳамда мустақил ОАВ фаолиятига тўсқинликлар яратади.
“Биз аввалда бўлгани каби Грузия лидерлари қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқишлари ҳамда мамлакатнинг демократик ва евроатлантик интилишларини илгарилатиш йўлида қадам қўйишларига умид қиляпмиз”, дея қўшимча қилган АҚШ Давлат котиби.
Блинкен аввалроқ Конгрессда қилган чиқишида Грузия парламенти томонидан ўтган ҳафта қабул қилинган “Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонунни “Россия дарслигидан олинган кўчирма” деб атаган эди.
Мазкур қонуннинг Россиядаги “хорижий агентлар”га оид репрессив қонун билан ўхшаш эканини мамлакат ичидаги танқидчилар ҳам таъкидлашмоқда. Қонун лойиҳасига қарши бўлган ўн минглаб одам қарийб бир ярим ойдан буён Грузиянинг Тбилиси ва бошқа шаҳарлари кўчаларига чиқишиб, “Россия қонунини қабул қилмаслик”ни талаб қилиб келишяпти.
Қонун лойиҳаси Европада ҳам қораланган. Еврокомиссия қонуннинг қабул қилиниши “Грузиянинг европача истиқболига салбий таъсир кўрсатиши”ни қайд этиб, расмий Тбилисини ҳужжатни қабул қилишдан бош тортишга чақирган. Еврокомиссия вакилларига кўра, қонун лойиҳаси Грузиядаги фуқаровий жамиятга путур етказади ва ОАВ эркинлигига хавф солади. Ўтган йили Грузия Европа Иттифоқига кириш учун номзод мақомини олган, бироқ бу борадаги музокаралар ҳали бошланган эмас.
Қонун лойиҳаси ташаббускори бўлган “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси халқаро босимни қоралаб чиққан. Партия мазкур қонун ташкилотларнинг хориждан молиялаштирилиши шаффофлиги ва мамлакат суверенитетини ҳимоя қилиш учун зарурлигини иддао қилмоқда. Россия ТИВ вакиласи Мария Захарова Москва “Грузия орзуси” позициясини дастаклашини билдириб, ғарб мамлакатларининг қонун лойиҳасига муносабатини “шантаж” деб атаган.
Грузия президенти Саломе Зурабишвили қонун лойиҳасига вето қўйган. Бироқ “Грузия орзуси” партияси президент ветосини айланиб ўтиш учун парламентда етарли овозга эга. Ҳукмрон партия бу ишни кейинги ҳафтада — 28 май куни амалга оширишни режаламоқда.