Қўшма Штатлар 6 июнь куни “Грузиядаги демократияга путур етказганлиги учун” ўнлаб расмийга қарши виза чеклови жорий қилмоқчи эканини очиқлади. Мазкур чора жумладан “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси аъзолари, қатор депутатлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига дахлдор бўлади.
АҚШ Давлат департаменти вакили Мэттью Миллер Вашингтон грузиялик лидерлар ўз қарорларини қайта кўриб чиқишига умид қилаётганини қайд этди.
“Агар бу иш амалга ошмаса, Қўшма Штатлар қўшимча қадамларни қўйиши мумкин”, дея таъкидлади Миллер.
Аввалроқ президент Жо Байден маъмурияти “Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши муносабати билан АҚШ Грузия билан алоқаларини қайта кўриб чиқиши мумкинлиги ҳақида билдирган. Мазкур баҳсли қонунни Грузия мухолифати Россиянинг хорижий агентларга оид репрессив қонунидан кўчирилган, деб ҳисоблайди.
Қонун имзолангани ортидан Европа Иттифоқига аъзо бўлган қатор мамлакатлар Грузияга берилган ЕИга аъзоликка номзод мақомини бекор қилиш ҳамда Тбилиси билан визасиз тартибдан бош тортишга чақиришган.
Учинчи июнь куни Грузия парламенти раиси Шалва Папуашвили аввалроқ мамлакат президенти Саломе Зурабишвили томонидан вето қўйилган баҳсли қонунни имзолаган эди. “Грузия орзуси” ҳукмрон партияси парламентда етарли овоз йиғиш орқали президенти ветосини айланиб ўтишга муваффақ бўлган.
Имзоланган бу қонун шу йилнинг август ойиданоқ 2023 йилдаги маълумотларга кўра ўз молиясининг 20 фоиздан кўпроғини хориждан олган оммавий ахборот воситалари ва ноҳукумат ташкилотлари зиммасига “ташқи кучлар манфаатини ташувчи ташкилот” ўлароқ қайддан ўтиш мажбуриятини юклайди. Бу талаб Грузияда асосан ғарб жамғармалари билан бирга ишлайдиган онлайн-нашрлар ва НҲТларнинг аксариятига дахлдор бўлади.
Муаллифлар ҳужжатда репрессив чоралар йўқлиги ва нотижорий сектордаги ташкилотлар шаффофлигини оширишга мўлжалланганини таъкидлашмоқда. Улар қонун Россиянинг эмас, АҚШ қонунчилиги меъёрларига ўхшашлигини иддао қилишяпти.
Грузия мухолифати мазкур қонун лойиҳасига қарши овоз берган. Баҳсли қонун лойиҳасига қарши Грузияда бир неча ҳафта мобайнида оммавий норозилик тадбирлари ўтказилган, мазкур акцияларда кўплаб намойишчи тутиб кетилган, полиция эса норозиларни тарқатиш учун уларга қарши махсус воситаларни ишга солган эди.