АҚШ Марказий қўмондонлигининг пиёда қўшинлари қўмондони ўринбосари Вендул Хаглер Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг махсус амалиётлар қўшинига Polaris MRZR русумидаги 50 та енгил тактик ҳарбий машинани топширди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилди.
Расман билдирилишича, техника “Ҳамкорлар потенциалини кучайтириш” дастури доирасида совға қилинди. Автомашиналарнинг умумий қиймати 2,8 миллион доллар бўлиб, АҚШ ҳарбий саноати томонидан ишлаб чиқарилган.
“Бу техниканинг топширилиши Қўшма Штатлар миллий суверенитетни ва ҳудудий яҳлитликни ҳимоя қилишга ҳисса қўшиш учун Ўзбекистонга таклиф қилаётган ҳамкорликнинг бир кўринишидр. АҚШ сўнгги 31 йил ичида сезиларли даражада олға силжиган ҳамкорликни давом эттиришдан умидвор”, деди Вендул Хаглер.
“Ҳамкорлар потенциалини кучайтириш” дастури доирасида АҚШ хориж давлатлари билан ҳарбий тайёргарлик ва ҳарбий техникани бошқаришни ўргатиш йўналишида ҳамкорлик қилади.
Февралда Британиянинг Shephard Media нашри АҚШнинг The Foreign Military Sales ҳарбий техника савдоси дастури доирасида Ўзбекистон Қўшма Штатлардан Puma 3 AE русумли 38 та кичик разведка дронини сотиб олиши ҳақида хабар берган эди.
Нашр қайдича, дронлар Ўзбекистонга AeroVironment ширкати томонидан жорий йилнинг 30 ноябригача етказиб берилади. Shephard Defense Insight маълумотига кўра, мазкур байнинг умумий суммаси 8,54 миллион АҚШ долларини ташкил этади, битта дрон учун эса Ўзбекистон 225 минг доллардан тўлайди.