АҚШ ҳукумати Шинжондан пахта ва помидор импортини тақиқлади

Шинжонда пахта тераётган аёл, 2018 йил октябри

АҚШ ҳукумати уйғурлар ва бошқа миллий озчилик вакилларига қарши кампания юритаётган Хитой Коммунистик партиясига босим ўтказишнинг галдаги уриниши ўлароқ Шинжондан помидор, пахта ва пахтадан тайёрланган маҳсулотларга тақиқ жорий этилганини эълон қилди.

АҚШ Божхона ва чегара назорати хизмати (CBP) 13 январь кунги ўз баёнотида расмийлар Қўшма Штатларга кириш масканларининг барчасида мазкур маҳсулотларни тўхтатиб қолиши айтилган.

CBP тақиқ “маҳкумлар ва маҳбуслар меҳнатидан ҳамда мажбурий меҳнатдан фойдаланганликка оид исботли” маълумотга асосланганини билдирган. Хусусан, хизмат томонидан ўтказилган суриштирувда қарз ботқоғига ботириш, ҳаракат эркинлигини чеклаш, қўрқитиш ва таҳдид, иш ҳақини ушлаб қолиш ҳамда оғир турмуш ва меҳнат шароити дохил мажбурий меҳнат аломатларини аниқланган.

Мазкур чора Хитойнинг миллий озчиликларга қарши кампаниясини тўхтатишга эришиш мақсадида АҚШ маъмурияти томонидан қабул қилинган чораларнинг энг кўламлисидир. Дональд Трамп маъмурияти ўтган йили Шинжонда мажбурий меҳнатдан фойдаланишга алоқадор айрим корхоналар маҳсулоти импортига тақиқ жорий қилган ҳамда бу кампаниядаги муҳтамал иштироки учун Хитой Коммунистик партиясининг амалдаги ва собиқ мансабдорларидан бир қанчасига нисбатан санкциялар киритган эди.

АҚШ Давлат департаменти аввалроқ асосан Ислом динига эътиқод қилувчи камида икки миллион нафар уйғур, қозоқ ва Шинжоннинг бошқа туб аҳоли вакиллари Хитойдаги лагерларга йўлланганини билдирган. Хитой ўз дастури уйғурларга мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги фабрикаларга бориб ишлаш учун имконият яратиши, ишчилар эса ихтиёрий равишда шартномалар тузиб, иш ҳақи олаётганларини иддао қилган.

АҚШ таҳлилий маркази томонидан ўтган ойда тақдим этилган ҳисоботда Шинжонда пахта етиштиришда юз минглаб миллий озчилик вакилларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланилаётган бўлиши мумкинлиги қайд этилган.