АҚШ Исроил билан “Ҳизбуллоҳ” ўртасида оташкесим устида ишлаяпти

Байрутнинг жанубий четига ҳужум оқибатлари, Ливан, 2024 йил 28 октябри

Америкалик воситачилар Исроил ва Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи ўртасида 60 кунлик оташкесимдан бошлаб жанговар ҳаракатларни тўхтатишга оид таклиф устида иш олиб боришмоқда. Бу ҳақда Reuters агентлиги ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Агентлик суҳбатдошлари икки ойлик даврдан БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2006 йилдаги резолюциясининг бажарилиши учун фойдаланилишини айтишган – мазкур ҳужжатга мувофиқ, Ливан жануби давлат назорати остида бўлмаган гуруҳлардан озод қилишини лозим.

Манбалар келишув натижа бермаслиги мумкинлигини ҳам истисно қилишмаяпти.

Оқ уй вакиллари 31 октябрь куни Ливан бўйича келишув муҳокамаси учун Исроилга келишади.

Ўз навбатида Исроил телевидениесининг 12-канали мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва хавфсизлик хизмати вакиллари Исроил “Ҳизбуллоҳ”га қарши кампания мақсадларига эришди ва эндиликда зиддиятни сиёсий йўл билан ҳал қилиш зарур, деган хулосага келишгани ҳақида хабар қилган.

Айни пайтда Исроилнинг Ливанда олиб борилаётган амалиёти давом этмоқда. 30 октябрь куни Исроил армияси (ЦАХАЛ) Ливан шарқидаги Баалбек шаҳри ва унга яқин икки қишлоқ аҳолисини эвакуацияга чақирган.

Чоршанба оқшомида Исроил ОАВ ва телеграм-каналлари ЦАХАЛ қирувчи учоқлари “Ҳизбуллоҳ”нинг Баалбек ҳудудидаги инфратузилмасига ҳамда Ливан жанубидаги Набатия ҳудудига ҳужум қилгани ҳақида хабар қилишган.

Ливан нашрлари тинч аҳоли орасида қурбонлар борлиги ҳақида хабар қилган. Муҳтамал қурбонлар ҳақида расмий маълумот ҳали берилганича йўқ.

“Ҳизбуллоҳ” АҚШ ва Исроилда террор ташкилоти деб тан олинган. Европа Иттифоқида “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий қаноти террор ташкилоти ўлароқ тан олинган, Ливан парламентида ўз депутатларига эга “Ҳизбуллоҳ” сиёсий партияси эса ЕИ наздида террор ташкилоти эмас.

Исроил ҳужумларидан бири чоғида гуруҳ лидери Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилган.

“Ҳизбуллоҳ” Фаластиндаги ҲАМАС гуруҳининг (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) 2023 йил 7 октябридаги Исроил жанубига ҳужумининг эртасига Исроил ҳудудига ракеталар отган. Ўшандан буён Исроил-Ливан чегарасида қарийб ҳар куни отишмалар содир бўлиб турибди. Ҳар икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудларидан ўн минглаб одам эвакуация қилинган.

Исроил Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши “Шимол нишлари” амалиётини 23 сентябрь куни бошлаган. Амалиётдан мақсад террор ташкилотининг ҳарбий инфратузилмасини йўқ қилиш ва Исроил шимолидаги уйларини ташлаб кетган исроилликларни ортга қайтариш учун шарт-шароит яратиш экани айтилган.