АҚШ, Исроил ва Миср Ғазо сектори ва Миср чегарасидаги Филадельфия йўлаги мониторинги механизмини муҳокама қиляпти. Бу ҳақда Financial Times нашри ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.
Нашр суҳбатдошларига кўра, режага юқори технологик ерости ғовини қуриш, тунеллар қурилишини таъқиб қилиш учун қўшимча датчикларни кўпайтириш ҳамда Ғазо сектори чегарасида Миср қўшинларини жойлаштириш кабилар киради.
Манбаларнинг айтишларича, муҳтамал лойиҳани молиялаштириш масаласини АҚШ ўз зиммасига олиши мумкин.
Ўз навбатида, Исроилнинг стратегик масалалар бўйича вазири Рон Дермер Bloomberg агентлигига Исроил томони Филадельфия йўлаги устидан назорат бўйича музокараларга тайёр экани, бироқ бу иш фақат АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳи билан уруш тугаганидан кейин амалга ошиши мумкинлигини билдирган.
Исроил Ғазо секторида жанговар амалиёт ўтказмоқда. Мазкур амалиёт ўтган йилнинг 7 октябрида ҲАМАС жангариларининг Исроил жанубига ҳужумига жавобан бошлатилган. Ўша пайтда мингдан зиёд одам ҳалок бўлган, 250 дан ортиқ одам гаровга олиниб, Ғазо ҳудудига олиб чиқиб кетилган.
Исроил ва Фаластин томонлари келишувлари натижасида гаровдаги кишиларнинг 100 нафардан кўпроғи озод қилинган. Айни пайтда 100 дан зиёд киши гаровда қолмоқда. Уларнинг 30 нафардан кўпроғи ҳалок бўлгани тахмин қилиняпти.