АҚШ ички хавфсизлик вазири Алехандро Майоркас Қўшма Штатлари билан Мексика ўртасидаги чегарада мигрантлар билан тўқнашувлар кузатилаётганини маълум қилди. Бу таранглик COVID-19 пандемияси туфайли киритилган чекловлар олиб ташланиши арафасида кучайиб кетган.
Майоркас АҚШ чегарасидан ноқонуний ўтишга уринаётганларни салбий оқибатлар кутаётганидан огоҳлантирган. “Бизнинг чегараларимиз очиқ эмас”, дея билдирган вазир 11 май куни Оқ уйда журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда.
“Америка овози” хабарига кўра, жорий ҳафтада Жо Байден маъмурияти бошпана тақдим этишга оид янги низомни кучга киритган. Унга кўра, бундан буён АҚШ-Мексика чегарасидан ноқонуний ўтаётган мигрантлардан кўпчилигининг бошпана беришга оид илтимоси рад этилиши мумкин.
Майоркасга кўра, АҚШ-Мексика чегарасидан ноқонуний ўтган мигрантларнинг оилалари, мавжуд тартиб-қоидага мувофиқ, 30 кун ичида депортация қилинади.
Жорий ҳафтада чегарадан ноқонуний ўтгани қайд этилган шахслар сони кунига 10 минг кишидан ошган. Reuters агентлиги хабарига кўра, шу кунда Божхона ва чегара хизматлари объектларида 28 минг нафаргача мигрант сақланмоқда.
Қўшма Штатларга кириб олиш истаги билан АҚШ-Мексика чегарасига борган мигрантлар орасида ўзбекистонликлар ҳам кам эмаслиги ҳақида маълумотлар бор.