Қўшма Штатлар кейинги ҳафтада Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига қарши қаратилган янги санкцияларни эълон қилишга тайёр. Бу ҳақда АҚШ молия вазири Жаннет Йелен 22 октябрь кунги чиқишида билдирди.
“Биз Кремль ҳарбий машинаси фаолиятига кўмаклаётганларга қарши қаратилган кучли янги санкцияларни очиқлаймиз, улар орасида ҳарбий мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган ўта муҳим маҳсулотларни Россияга етказиб бераётган учинчи мамлакатлардаги воситачилар ҳам бор”, дея баёнот берган Йелен Вашингтонда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Шу кунларда АҚШ пойтахтида Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг йиллик йиғилишлари ўтказилмоқда. ХВЖ ва Жаҳон банки раҳбариятининг учрашувлари АҚШда Жо Байден президентлик давридаги молиячиларнинг сўнгги муҳим йиғилишлари ўлароқ кўриляпти. Бу даврдаги иқтисодиёт ҳолати ва инфляция кўрсаткичлари америкалик сайловчиларни айниқса кўп ташвишга солмоқда.
Америкалик сайловчиларнинг республикачилар номзоди Дональд Трамп ва демократлар номзоди Камала Ҳаррис ўртасидаги танлови дунё молияси ва глобал иқтисодиётга улкан таъсир кўрсатади.
Йелен ўз чиқишида Украинага ёрдамни молиялаштириш учун Россиянинг музлатилган суверен активларидан олинажак фоизлар масаласига ҳам тўхталган. У Вашингтонда баёнот берган куни Европа парламентидан ҳам янги бир хабар келди: европалик депутатлар бу куни Киевга 35 миллиард евро миқдорида ёрдам пакетини маъқуллашди. Бу маблағлар мудофаа ва қайта қуриш учун сарфланади. Қарзни қайтариш Россия Марказий банкининг хорижда музлатилган активларидан олинажак даромадлар ҳисобидан амалга оширилади.
Россиянинг ТАСС давлат ахборот агентлиги Жаннет Йеленнинг молия муассасаларига нисбатан иккиламчи санкцияларнинг киритилиш хавфи сезиларли оқибатларга олиб келиши мумкинлигига оид сўзларига эътибор қаратган. Йелен АҚШ Молия вазирлиги бу каби ҳаракатлар давом эттирилишини ўрганаётганини қайд этган. Бу ерда гап Қўшма Штатлар санкцияси остига тушган ташкилотлар билан иш олиб бораётган молия муассасалари АҚШ молиявий тизимидан узиб қўйилиши ҳақида кетмоқда, деб ёзган ТАСС.