Бири республикачи, яна бири демократ бўлган америкалик икки сенатор президент Дональд Трамп маъмуриятини АҚШ давлат муассасаларига уюштирилган кенг кўламли киберҳужумларга қарши жавоб чораларини кўришга чақирди. АҚШ махсус хизматлари ва Давлат департаменти иддаоларига кўра, киберҳужумлар давлат билан алоқаси бўлиши мумкин бўлган россиялик ҳакерлар томонидан уюштирилган.
Қўшма Штатлар расмийлари ва экспертлар, “Америка овози” хабарига кўра, мазкур йирик ҳакерлик ҳужумида камида олтита ҳукумат муассасаси тармоқларига бузиб кирилгани, минглаб ширкатга зарарли код юқтирилганини айтмоқдалар.
Президент Дональд Трамп мулоҳазасича, киберҳужумлар туфайли етказилган зарар кўлами матбуот томонидан ошириб кўрсатилган. У киберҳужумлар ортида Россия тургани юзасидан шубҳа билдириб, бунга Хитой дахлдор бўлиши мумкинлигига оид тахминни илгари сурган.
Республикачилар партиясидаги президентнинг кам сонли танқидчиларидан бири сенатор Митт Ромни федерал ҳукумат тармоқларига етказилган зарар “ўта емирувчи” бўлганини айтиб, гап Россия ҳақида кетадиган бўлса, президент Дональд Трамп “яхши кўролмайдиган” бўлиб қолишини иддао қилган. Ромнига кўра, Россия ҳозирда “ҳар жабҳада” Қўшма Штатларга қарши ишлаяпти ва Вашингтон шу тобда Москванинг жаҳон майдонида душман кучни тамсил этаётганидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилиши керак.
Демократ сенатор Марк Уорнер эса киберҳужум давом этаётган бўлиши мумкинлигини билдириб, расмийлар ҳали унинг кўламини тўлалигича аниқлай олмаганини қайд этган. У ҳам Оқ уйни жавоб чораларини кўришга чақирган.
Сайланган президент Жо Байденнинг командаси у президентлик лавозимига киришганидан кейин киберҳужумларга алоқадор деб кўрилаётган Россияни жазолашнинг бир неча вариантини кўриб чиқади. Байден маъмуриятининг бўлажак раҳбари Рон Клайнга кўра, бу ерда гап санкциялар ҳамда “хориждан туриб бу каби ҳужумларни амалга ошириш имкониятини чеклаши мумкин бўлган қадамлар” ҳақида бориши мумкин. Айни пайтда Клайн АҚШга қарши уюштирилган киберҳужумлар ҳажми ва мақсади ҳақида кўпроқ маълумот олиш зарурлигини урғулаган.
Кремль Россия давлат тузилмаларининг АҚШдаги киберҳужумларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирган.