АҚШ президент Жо Байден “Милтон” довулига қарши кўрилаётган чораларни назорат қилиш учун Германия ва Анголага сафарини кечиктирди. Сўнгги ҳафталар ичида галдагиси бўлган табиий офат, АҚШ ОАВларига кўра, аслида йўқ бўлган “олтинчи тоифа”га мансуб бўлади. Қўшма Штатларда табиий офатнинг юқори ва энг хавфли тоифаси бешинчи тоифа бўлиб ҳисобланади. Бу ҳақда “Америка овози”нинг рус хизмати хабар қилди.
Байденнинг Германияда 12 октябрь куни бўлиб ўтадиган “Рамштайн” форматидаги саммитга етакчилик қилиши кутилаётганди. Мазкур саммит Украинага қурол-аслаҳа етказиб бераётган мамлакатлар олий даражадаги вакилларининг илк учрашуви бўлади.
Бу орада Германия ҳукумати вакили исми ошкор этилмаслиги шарти билан саммитга ҳозирликнинг бориши ҳақида гапириб берган. У Германиядаги учрашув Россияга Москва Ғарб томонидан Украинани дастаклаш тўхтатилишига умид қилолмаслигини кўрсатиш учун уюштирилаётганини урғулаган.
Россия қўшинлари Украина ҳудудига кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан кейин Вашингтон элликка яқин мамлакатдан иборат гуруҳ тузган бўлиб, бу мамлакатларнинг мудофаа вазирлари Киевнинг қурол-аслаҳа талабини муҳокама қилиш учун Германия жанубий-ғарбидаги Рамштайн ҳаво базасида (АҚШ авиабазаси - таҳр.) мунтазам равишда учрашиб келишмоқда.
Шанба кунги учрашув Украина президенти Владимир Зеленский ва Германия канцлери Олаф Шольц чиқишлари билан очилиши керак. Учрашувда Франция президенти Эммануэль Макрон, Британия бош вазири Кир Стармер ва Польша президенти Анжей Дуда иштирок этади.
Берлин Рамштайн саммитига 20 чоғли давлат ва ҳукумат раҳбари келишини, Зеленский эса у ерда ўзининг “ғалаба режаси”ни тақдим этишини кутмоқда.
Айни пайтда Киев ноябрь ойида ўтказишни режалаган иккинчи тинчлик саммити ўтказилмаслиги маълум бўлди. Украина президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Дарья Заривная 8 октябрь куни жорий ойда Зеленский таклиф қилаётган тинчлик формуласи бўйича бир неча конференция бўлиб ўтишини қайд этган. Заривнаяга кўра, саммит ўтказиш масаласи конференциялар тугаганидан кейин ҳал этилади.