АҚШ кузгача Ўзбекистонга яна 5 миллион доза вакцина етказиб бермоқчи

Ўзбекистон ССВ вакиллари билан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси ҳамда АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) вакилларининг учрашувидан лавҳа (ССВ фотоси)

Қўшма Штатлар Ўзбекистонга шу йилнинг сентябрь ойига қадар коронавирусга қарши эмлаш учун яна 5 миллион доза вакцина етказиб беришни режалаган. Бу ҳақда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, вазирлик биносида ўзбек тиббиётчиларининг АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси ҳамда АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (CDC) вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувида билдирилган.

Учрашув чоғида CОVID-19 га қарши кураш учун CОVАХ дастури доирасида АҚШ томонидан Ўзбекистонга 5 миллион дозадан зиёд Moderna ва Pfizer вакциналари тақдим этилгани аҳоли саломатлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлгани қайд этилган.

Тадбирда АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан қарийб 2 миллион долларлик коронавирусдан ҳимоя воситалари, 3,7 миллион долларлик тиббий жиҳозлардан иборат инсонпарварлик ёрдами кўрсатилгани ҳам урғуланган.