Қўшма Штатлар яқинда учинчи бор Венесуэла президенти деб эълон қилинган Николас Мадурога наркотик контрабандасига оид иш бўйича афв эвазига лавозимдан кетишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда Wall Street Journal нашри музокаралардан хабардор уч манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Мадуронинг галдаги инаугурацияси 2025 йил январида бўлиб ўтиши керак. АҚШ Мадуро бу пайтгача президентлик лавозимини тарк этишга ишонтириш учун “барча нарсани ўртага ташлаган”, деган WSJ суҳбатдоши. Америкалик расмийлар Мадуро ва Венесуэланинг бошқа юқори лавозимли мулозимларини экстрадиция мақсадида таъқиб қилмаслик кафолатини беришга тайёр. Қўшма Штатлар 2020 йили Мадурони “АҚШни кокаинга тўлдириб ташлаш”га уринганликда айблаб, бу ҳақда гувоҳлик берганлик учун 15 миллион доллар миқдорида мукофот ваъда қилган.
Июль ойида Венесуэлада бўлиб ўтган президент сайлови натижасига кўра АҚШ мазкур сайловда мухолифат вакили Эдмундо Гонсалесни ғолиб ўлароқ тан олган. Аввалроқ Гонсалес ва сайловга қўйилмаган демократик кучлар лидери Мария Корина Мачадо тимсолидаги мухолифат 80 фоиздан кўпроқ участкадан олинган протоколларни эълон қилган эди. Уларда Гонсалес сезиларли фарқ билан сайловда ғолиб чиққанини кўриш мумкин. Мадурони сайлов ғолиби деб эълон қилган Миллий сайлов кенгаши протоколларни ёйинлаган эмас.
МСК томонидан эълон қилинган натижалар ортидан Венесуэлада норозилик намойишлари бошланган, мазкур акциялар чоғида 2400 чоғли киши ҳибсга олинган, 20 дан зиёд одам ҳалок бўлган. Мадуро норозилик акциялари иштироклари учун икки қамоқхона қуриш, кўпчиликни эса оғир меҳнатга йўллашни ваъда қилган.
Бироқ, WSJ маълумотига кўра, АҚШ билан Мадуро ўртасидаги махфий музокаралар сайловдан олдин бўлиб ўтган. Қайд этилишича, Венесуэла мухолифати овоз бериш натижалари сохталаштирилишидан амин бўлган.
“Ўша пайтда Мадуро президентликдан кетиши керак бўлган шартларни муҳокама қилишдан бош тортган – унинг бу позицияси ҳозир ҳам ўзгаргани йўқ”, деган Мадурога яқин бўлган WSJ суҳбатдоши.
Газета келишув тузиш учун унча кўп вақт қолмаганини қайд этган. Агар ноябрь ойида АҚШда бўлиб ўтажак президент сайловида Дональд Трамп ғалаба қозонса, музокаралар тўхтатилиши мумкин. Трамп Мадурога нисбатан АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байдендан кўра кескинроқ позицияни эгаллаб келади.