АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Майкл Курилла Эрон хавфига қарши кўрилаётган чораларни мувофиқлаштириш учун 11 апрель куни Исроилга борган. RFI хабарига кўра, ўз сафари чоғида америкалик генералнинг Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ва ЦАХАЛ (Исроил армияси) офицерлари билан учрашиши кутилмоқда.
АҚШ президенти Жо Байден 10 апрель куни яна бир бор Исроилни “оғишмай” дастаклашини урғулаган. Байден Япония бош вазири Фумио Кисида билан чоршанба куни Оқ уйда ўтказилган қўшма матбуот анжумани чоғида Эрон “Исроилга жиддий зарба бериш билан таҳдид қилаётгани”ни тасдиқлаган.
Исроил томонидан 1 апрель куни уюштирилган ҳужум оқибатида Дамашқда Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси бригада генерали Муҳаммад Ризо Зоҳидий ўлдирилган эди. Эрон олий руҳонийси Али Хоманаий “сионистик режим жазоланиши”ни бир неча бор таъкидлаган.
Эрон таҳдиди манзарасида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ЦАХАЛ ҳарбий-ҳаво кучлари ҳаво базасига бориб, “Бизга ким ҳужум қилса, биз унга зарба берамиз. Биз Исроил хавфсизлигини ҳам мудофаа, ҳам ҳужум билан таъминлаймиз”, дея билдирган.
Исроилдаги манбалар 10 апрель оқшомида АҚШнинг Яқин Шарқдаги элчиси Бретт Макгурк Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Ироқ ташқи ишлар вазирларига қўнғироқ қилиб, улардан Исроил билан зиддиятни кучайтиришдан тийилиш талабини Эронга етказишни сўрагани ҳақида маълумот тарқатишган.
Аввалроқ АҚШ разведкасига яқин бўлган аноним манба Bloomberg агентлигига масала Эроннинг Исроилга ҳужум қилиб-қилмаслигида эмас, бу ишнинг қачон амалга ошишида қолганини маълум қилган.
Таранглик кучайиб бораётгани туфайли Германиянинг Lufthansa авиаширкати 10 апрель куни Теҳронга парвозлар тўхтатилишини эълон қилган.