АҚШ: “Милтон” тўфони туфайли Флоридада 16 киши қурбон бўлди

"Милтон" тўфони оқибатлари, 2024 йил 10 октябри

АҚШнинг Флорида штатида “Милтон” тўфони туфайли, сўнгги маълумотларга кўра, 16 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда CBS News Флорида ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш департаментидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, штатга ёпирилган “Милтон” тўфони дарахтлар ва симёғочлар қулаши, кўчаларнинг сув босиши, биноларга шикаст етишига сабаб бўлган.

Айни пайтда Флоридадаги 2,7 миллиондан зиёд уй электрсиз қолмоқда. Уларнинг айримлари сентябрь ойи охирида штатга ёпирилган “Ҳелен” тўфонидан бери электрдан узилганича қолмоқда.

Таҳлилчиларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, “Милтон”дан кўрилган зарар 100 миллиард долларга етиши мумкин – ўтган йил сентябрида АҚШ содир бўлган барча табиий офатлар етказган зарардан қарийб икки баравар кўпдир. Оқ уй тўфондан жабр кўрган штатга федерал ёрдам ваъда қилган.

Тўфон олдидан Флоридада камида 19 та торнадо ҳодисаси кузатилган. Штатнинг ғарбий соҳилида “Милтон” ҳайдаб келган сув баландлиги уч метрга етган.

Флорида губернатори Рон Десантис штат энг ёмон сценарийдан (тўфоннинг соҳил бўйидаги аҳоли зич яшовчи шаҳарларга бевосита хуружидан) қутулиб қолгани, бироқ ундан кўрилган зарар барибир сезиларли эканини айтган.

“Милтон” ва “Ҳелен” сингари тўфонлар иқлим ўзгариши туфайли шиддатлироқ бўлиб бормоқда: улар йилдан йилга илиб бораётган океан сувлари билан тўйиниб боряпти, ҳароратнинг илиқлиги эса уларга намни кўпроқ ушлаб туриш имконини бермоқда.