Байден C5+1 саммитини “тарихий воқеа” деб баҳолади

АҚШ президенти Жо Байден Марказий Осиё давлатлари президентлари билан С5+1 форматида илк маротаба учрашади.

АҚШ президенти Жо Байден 19 сентябрь куни Нью-Йоркда Марказий Осиё давлатлари лидерлари билан ўтказилган қўшма саммитни “тарихий воқеа” деб баҳолади.

“Марказий Осиё ва Қўшма Штатларнинг бир неча йиллик тиғиз ҳамкорлиги бизнинг умумий қадриятларимиз – суверинитетни, мустақилликни, ҳудудий яҳлитликни дастаклашга асосланган. Ҳозирги кунда бу принциплар ҳар доимгидан ҳам қадрли. Бугун ҳамкорлигимизни янги даражага олиб чиқмоқдамиз”, - деди Байден.

АҚШ президенти ўз сўзида давом этар экан: “Биринчидан биз террорчиликка қарши кураш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамламоқдамиз. Бу ҳамкорлик доирасида АҚШ Марказий Осиёнинг хавфсизлик соҳасини молиялаштиришни кўпайтириши масаласи турибди”, - деб айтди.

Бундан ташқари Байден минтақа давлатлари билан бизнес платформасини тузиш, энергетик хавфсизликни ва таъминот манбаларини кучайтириш мақсадида минерал ресурслар борасида янгича мулоқотни йўлга қўйиш ва имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалари борлигини таъкидлади.

АҚШ президенти Жо Байден Марказий Осиё давлатлари президентлари билан С5+1 форматида илк маротаба учрашади. Мазкур саммитда минтақанинг бошқа президентлари қаторида Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ҳозирча президент Шавкат Мирзиёевнинг саммитда сўзлаган нутқи матнини эълон қилмади. “Учрашув якунида минтақа мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги ўзаро англашувни янада чуқурлаштириш ва амалий шерикликни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди”, - дейилади расмий хабарда.

АҚШ давлат котиби ва Марказий Осиё ташқи ишлар вазирлари даражасидаги C5+1 саммити илк бор 2015 йилда Самарқандда ўтказилган эди.

19 сентябрдаги саммит арафасида Human Rights Watch Жо Байденга мурожаат қилиб, уни учрашувда инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги ва фуқаровий жамиятни дастаклаш масалаларини кўтаришга чақирган.