Жо Байден маъмурияти мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши важидан Россияга қарши янги санкциялар туркумини тайёрламоқда. Бу ҳақда CNN телеканалига АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан маълум қилган.
“Янги санкциялар туркуми тайёрланмоқда. Россиянинг зарарли фаолиятига жавоб бериш ҳақида гап бораркан, биз SolarWinds [АҚШ ширкатига ҳакерлик ҳужуми], сайловларга аралашув, Навальний масалаларида ўз муносабатимизни юмшатмоқчи эмаслигимизни кўрсатиб келяпмиз”, деган у.
Салливанга кўра, янги санкциялар АҚШ ҳукумати улар тўғри одамларга қарши йўналтирилганига ишонч ҳосил қилганидан сўнг жорий қилинади.
Президент маслаҳатчининг айтишича, ушбу санкциялардан кейин АҚШ кимёвий ҳужум қуроли қўлланишига доир яна бир санкциялар туркумини ишлаб чиқмоқчи.
Алексей Навальний ўтган йилнинг 20 августида августида беҳуш ҳолда, заҳарланиш аломатлари билан Омск касалхонасига ётқизилган ва кўп ўтмай даволаниш учун Германияга жўнатилган эди.
Немис ҳарбий лабораторияси экспертлари мухолифатчи организмида “Новичок” гуруҳига мансуб жанговар заҳарловчи модда асоратини топганлар. Россия ҳукумати нафақат Навальнийнинг заҳарланишига алоқаси борлигини, ҳатто унинг заҳарланганини ҳам инкор этган.
The Insider, Bellingcat, CNN ва Der Spiegel томонидан ўтказилган тадқиқотда Навальнийнинг заҳарланишини ортида ФХХнинг Криминалистика институтига алоқадор 8 нафар тезкор ходим турган бўлиши мумкин, деган хулосага келинган.
Шу йилнинг 17 январида Навальний Германиядан Россияга қайтгани заҳоти Шереметево аэропортида қўлга олинган. 2 февраль куни суд уни “Ив Роше” иши бўйича синов муддатини бир неча марта бузган, деган айб билан, шартли қамоқ муддатини ҳақиқийси билан алмаштиришган.
Март ойи бошларида АҚШ Навальний иши юзасидан Россия, Германия ва Швейцариядаги 14 та ташкилотга қарши санкциялар жорий қилган эди. Ундан олдинроқ АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг етти нафар мансабдорига нисбатан санкциялар қўллаган.