АҚШ ҳукумати Тошкентга 119 ўзбекистонликни қайтарди. Улар АҚШга турли ноқонуний йўллар билан кирган шахслардир. Бу маълумот Ташқи меҳнат миграцияси телеграм каналида 21 декабрь куни эълон қилинди.
Расман билдирилишича, ортга қайтарилганларнинг кўпчилиги Мексика орқали АҚШга кирганлардир.
Ортга қайтарилганлардан бири АҚШга Мексика орқали 3 сентябрда киргани ва ўшандан бери ўтган 110 кун давомида ҳибсда сақлангани ҳақида гапириб берди. Унга кўра, Мексика орқали АҚШ чегарасидан ўтиш учун 30 кун вақт керак бўлган. Бунинг учун у АҚШга ўтказиб қўйиш ваъдасини берганларга Мексикада 5 минг доллар пул берган.
13 октябрда Fox News сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон фуқаролари АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтганлар орасида учинчи ўринни эгаллагани ҳақида хабар тарқатган.
Телеканал бу статистикани АҚШ Чегара хизматидан олинган маълумотларга асосланган ҳолда эълон қилди. Fox News сўнгги икки йилда 13624 нафар ўзбекистонлик АҚШга ноқонуний ўтишга ҳаракат қилганини таъкидлаган.
20 ноябрь куни Қўшма Штатларнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Мексика орқали АҚШга кираётган ўзбекистонликларни чиқариб юбориш сиёсатига шошилинч ўзгартиришлар киритилганини билдирган эди.
Янги тартибга асосан, эндиликда Мексикадан АҚШга ноқонуний ўтишга уринаётган Ўзбекистон фуқаролари АҚШ ичкарисига қўйиб юборилмайди, балки улар билан боғлиқ иммиграция иши ҳал қилингунига қадар ҳибсда сақланади.
Элчихона АҚШ мамлакатда қолиш учун қонуний асосларга эга бўлмаган Ўзбекистон фуқароларини мамлакатдан чиқариб юбориш бўйича расмий Тошкент билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирган.
Озодлик радиоси августнинг охирларида “Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” деб номланган суриштирувни эълон қилган эди. Унда ўзбекистонликлар АҚШга Лотин Америкаси давлатлари, жумладан, Мексика орқали ноқонуний ўтишга уриниши ҳикоя қилинган.