АҚШ ўз элчихонаси ходимларини кўчириб келиш учун Афғонистонга 3 минг аскар жўнатади

Кобулдаги АҚШ элчихонасининг девори

Қўшма Штатлар ўзининг Кобулдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни таъминлаш мақсадида Афғонистонга вақтинча 3 минг нафарга яқин ҳарбий хизматчисини жўнатади. Бу ҳақда 12 август АҚШ Давлат департаменти ва Пентагон маълумот тарқатди. Мазкур баёнот Афғонистонда ҳукумат кучлари мудофаасининг тобора заифлашиб бораётгани ва “Толибон” гуруҳи йирик шаҳарларни босиб олгани ҳақидаги хабарлар манзарасида берилган.

Давлат департаменти вакили Нед Прайс айтишича, АҚШнинг Кобулдаги элчихоначи ёпилмайди, аммо ходимлар сони унинг фаолият кўрсатиши учун зарур бўлган энг кам миқдоргача қисқартирилади. Қолган ходимлар — айрим маълумотларга кўра, улар сони мингдан зиёд — эвакуация қилинади.

Пентагон хабарномасига мувофиқ, америкалик ҳарбийлар яқин 48 соат ичида Афғонистонга етиб боради ва Кобул аэропортига жойлаштирилади. Уларнинг вазифаси элчихона ходимларини эвакуация қилишни таъминлашдан иборат бўлади. Шунингдек, АҚШ америкалик ҳарбийлар билан ҳамкорлик қилган, виза олиш ҳуқуқига эга ва мамлакатдан кетишни хоҳловчи афғонларни олиб чиқиб кетиш учун авиарейслар сонини кўпайтиради.

АҚШ ҳарбийларининг Афғонистонга йўлланиши кутилмаган қарор бўлиб, толибларнинг ҳужумлари фавқулодда шиддат касб этганидан далолат бермоқда. Қўшма Штатлар мамлакатдан ўз қўшинларини олиб чиқиб кетишни август ойи охиригача якунлаши керак, айни пайтда у ерда 650 нафарга яқин америкалик аскар қолган бўлиб, улар Кобул аэропорти ва АҚШ элчихонасини қўриқламоқда.

Хабар қилинишича, Афғонистондаги ўз элчихонаси персоналини эвакуация қилиш учун Британия ҳам мамлакатга бир неча юз аскарни вақтинча жўнатади.

Қўшма Штатлар 12 август куни Афғонистонда хусусий тартибда бўлиб турган фуқароларини мамлакатдан зудлик билан чиқиб кетишга чақирган.

Махсус хизматларнинг сўнгги хулосасига кўра, толиблар Кобулни яқин 1-3 ой ичида босиб олиши мумкин. 12 август куни “Толибон” ҳаракати мамлакатдаги учта муҳим шаҳар — Ғазни, Ҳирот ва Қандаҳорни ишғол қилгани ҳақида хабарлар ёйинланди. Ғазни ва Ҳирот бой берилганини Афғонистон ҳукумати ҳам расман тан олган.