АҚШ федерал судьяси жорий йилнинг 26 январь куни асли ўзбекистонлик Сайфулло Соиповни беш йил муқаддам Нью-Йорк шаҳрининг Манҳэттен мавзеида велойўлакда одамларни юк машинаси билан уриб юборганликда айбдор деб топди.
2017 йилнинг 31 октябрида содир этилган ҳужум оқибатида саккиз киши нобуд бўлган, яна 12 киши жароҳат олган эди.
Қўшма Штатларга 2010 йилда кўчиб борган 34 ёшли Сайфулло Соипов қотиллик, одам ўлдиришга қасдланганлик ва “Исломий давлат” экстремистик гуруҳига моддий ёрдам кўрсатганлик каби жами 28 модда бўйича айбдор деб топилган.
CNN хабарига кўра, судланувчининг адвокати Девид Паттон ўзининг сўнгги ҳимоя нутқида мижозининг ўткинчиларга ҳужум қилгани фактини инкор этмаслигини айтган, бироқ у айбловнинг ҳужум сабаби Исломий давлатга қўшилиш истаги бўлган деган даъвосига қарши чиққан.
Reuters ахборот агентлигининг ёзишича, 6 февраль куни ҳакамлар ҳайъати ўлим жазоси муносиб жазо бўлиши тўғрисида қарор қабул қилиши керак. Мазкур жазо ўлим жазосини бекор қилиш тарафдори бўлган президент Жо Байден маъмурияти бошқаруви чоғида федерал даражада илк бор қўлланилиши мумкин.
Нью-Йорк шаҳрида содир этилган ҳужумда олти нафар хорижлик сайёҳ ва икки нафар америкалик ҳалок бўлган эди. Аввалроқ судда Соипов қилмишидан пушаймон эмаслиги ва имкон қадар “кўпроқ” одамни ўлдирмоқчи бўлганини айтган. Ҳибсга олинганидан кейин Соипов уни ҳужумни амалга оширишга ИШИД видеолари уни илҳомлантирганини эътироф этган. Соиповнинг адвокатлари суддан Нью-Йорк прокуратурасини ўз мижозига нисбатан ўлим жазосини талаб қилиш имкониятидан маҳрум қилишни сўраган.
Нью-Йоркдаги қонли ҳужум ортидан кейин АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Дональд Трамп Сайфулло Соиповни ўлимга ҳукм қилишни талаб қилган эди. Кейинроқ у бир нечта шу мазмундаги твитлар ёзиб, ўзбекистонлик мигрантни қатл этишга чақирган. Соиповнинг адвокатлари Трамп қўнғироқлари прокурорнинг бу масалада холис бўлишига монелик қилиши мумкинлигини айтишган.
Асли тошкентлик Сайфулло Соипов 2010 йили 21 ёшида Green Card лотереясида ютиб олгани ортидан АҚШга бориб, бир қанча штатда истиқомат қилган. АҚШдаги танишлари Соиповни радикал исломчи эмас, молиявий муаммолари бор тажовузкор йигит деб таърифлашган.
Тошкентдаги Соиповлар оиласи, иддаоларга кўра, ўзига тўқ ҳисобланган ва умуман диндор бўлган эмас. Соипов АҚШга жўнаб кетишдан олдин Тошкент Молия институтини тамомлаган ва пойтахтдаги меҳмонхоналардан бирида ҳисобчи бўлиб ишлаган.