АҚШ Молия вазирлиги ҳузуридаги Молиявий жиноятларга қарши кураш тармоғи ҳамда Саноат ва хавфсизлик бюроси Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистонни санкцияга тушган товарлар Россия ва Беларусга ташишда транзит сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган мамлакатлар сирасига киритди.
“BIS (Саноат ва хавфсизлик бюроси) чекланган ёки назорат қилинадиган экспорт амалга ошириладиган айрим умумий юк тушириш-ортиш масканларини белгилади. Россия ёки Беларусдаги манзилларга етгунча бу масканларда ўтилади”, дейилган муассаса хабарномасида.
Мазкур рўйхатда Марказий Осиё мамлакатларидан ташқари Арманистон, Бразилия, Бирлашган Араб Амирликлари, Грузия, Жанубий Африка, Исроил, Мексика, Никарагуа, Сербия, Сингапур, Тайвань, Туркия, Хитой ва Ҳиндистон бор. Ушбу юк тушириш-ортиш пунктлари орқали “чекланган ёки назорат қилинадиган экспорт” амалга оширилади.
Яна қайд этилишича, мазкур товарлар шу ва бошқа юрисдикцияларга тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун хомашё сифатида қонуний экспорт қилиниши мумкин. Бироқ келгусида Россия ёки Беларусга тайёр буюм ва товарларни қўшимча юк тушириш-ортиш масканлари орқали экспорт қилиш тақиқланиши эҳтимоли бор.
Ҳарбий мақсадларда қўлланиши мумкин бўлган “алоҳида хавотир уйғотувчи” товарлар тоифаларига учоқлар учун эҳтиёт қисмлари, гидроакустика тизимлари, антенналар, спектрофотометрлар, синов жиҳозлари, GPS тизимлари, вакуумли насослар, шунингдек нефть саноати жиҳозлари киради.