Нью-Йоркнинг Бруклин туманидаги 20-авенюда келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Фаридун Мавлонов ўқотар қуролдан отиб ўлдирилди. The New York Times газетасининг ёзишича, воқеа 17 июль куни содир бўлган.
Полициянинг билдиришича, отишмадан икки соат олдин мактаб ўқувчиларининг икки гуруҳи ўзаро тортишиб қолган. Шундан сўнг улар дарслар якунлангач кўчада учрашиб, баҳсни муштлашув орқали ҳал қилишга келишиб олишган. Аммо Фаридун Мавлонов мансуб бўлган гуруҳ келишилган жойга етиб келганида иккинчи гуруҳдаги 17 ёшли ўсмир тўппонча билан ўқ уза бошлаган. Ўқлардан бири Фаридунни яралаган. У касалхонада хушига келмай вафот этган.
The New York Times газетасининг ёзишича, Фаридун Мавлоновнинг оиласи бундан 12 йил аввал Ўзбекистондан АҚШга кўчиб борган. Унинг отаси Фирдавс Мавлонов сартарош бўлиб ишлайди. Фаридун оиладаги олти фарзанддан бири бўлган. У New Utrecht ўрта мактабида ўқиган.
Полиция Нью-Йоркда ёшлар ўртасида зўравонлик ва жиноячилик ҳолатлари 2020 йилдан бери кўпайиб бораётгани ҳақида билдирган. 4 июлда ҳам отишма оқибатида 15 ёшли ўсмир ҳалок бўлган, 5 ва 12 ёшли қизлар яраланганди. Полиция маълумотларида қайд этилишича, жорий йилнинг июль ойигача ўқотар қурол воситасида содир этилган зўравонликларда 18 ёшгача бўлган 62 бола жабрланди.