АҚШ ўзининг Халқаро тараққиёт бўйича агентлиги орқали (USAID) ўзбекистонлик фермерлар ва ўғит ишлаб чиқарувчиларга 2 миллион доллар миқдорида қўшимча ёрдам ажратилишини билдирди.
Қўшма Штатларнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизматига кўра, мазкур ёрдам аҳолининг ночор қатламини тобора кучайиб бораётган озиқ-овқат инқирозидан ҳимоя қилиш ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқилган ўғир ҳажмини кўпайтириб, сифатини ошириш учун ишлатилади.
“Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Ўзбекистоннинг салоҳиятини мустаҳкамлаш билан USAID бошқа мамлакатларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига ҳаддан ортиқ таъсир кўрсатилишининг олдини олишга ёрдам беради”, дейилган хабарномада.