АҚШ Хитойдаги Олимпия ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки билдирди. Мулозима, бойкотга қарамай, америкалик спортчилар Олимпиадада иштирок этишлари мумкинлигини қўшимча қилди.
“ХХР томонидан Шинжонда геноцид ўтказилаётгани ва бошқа инсон ҳақлари бузилаётганини эътиборга олган ҳолда, Байден маъмурияти 2022 йилдаги Пекин қишки Олимпиадаси ва Паралимпиадасига дипломатик ёки расмий делегацияни жўнатмайди”, деган Жен Псаки брифингда.
Аввалроқ Хитойдаги Олимпиадага дипломатик бойкот эълон қилиниши эҳтимоли ҳақида АҚШ президенти Жо Байден гапирган эди. У Шинжонда уйғурларга босим ўтказилаётгани, Тибет ва Ҳонконгда инсон ҳақлари бузилаётганини бунга сабаб ўлароқ келтирган.
АҚШ ташаббусини Австралия дастаклаб чиққан, бироқ бу мамлакат Олимпиадага дипломатик бойкот эълон қилиш қарорини олган эмас.
Пекиндаги Олимпиада 2022 йилнинг 4 февралидан 20 февралигача бўлиб ўтиши режаланган. АҚШ сўнгги бор Олимпия ўйинларига 1980 йили (Москвада ўтказилган) тўла бойкот эълон қилган эди.