АҚШ президенти Жо Байден иккинчи президентлик муддати учун курашдан бош тортганининг эртасига, яъни 22 июль куни вице-президент Камала Ҳаррис Демократлар партияси қурултойи делегатларининг кўпчилигидан АҚШ президенти лавозимига номзод этиб кўрсатилиши учун зарур бўлган дастакни олди.
Associated Press агентлигининг сўнгги ҳисоб-китобига кўра, Ҳаррис учун қурултойнинг қарийб 2700 нафар делегати овоз беришга тайёр. Президентликка номзод этиб кўрсатилиш учун 1976 нафар делегатнинг овози керак бўлади. Овоз бериш 1 августдан 7 августгача бўлиб ўтади.
Байденнинг президентликка номзод этиб кўрсатилишидан бош тортиши демократларга президентликка номзодлик учун курашишга формал имконият яратди. Бироқ Жо Байденнинг президентлик пойгасидан чиққани ва Камала Ҳаррис номзодини дастаклашига оид баёнотидан кейинги илк соатлардаёқ кўплаб етакчи демократ сиёсатчилар унинг номзодини қўллашларини билдиришди. Ҳарриснинг сайлов фондига 888 нафар донордан 80 миллион доллардан кўпроқ иона келиб тушди.
Душанба оқшомига келиб Ҳаррисдан бош бирор демократ президентликка номзодлик учун курашиш нияти борлигини билдиргани йўқ. Камала Ҳарриснинг номзодлик учун курашда муҳтамал рақиблари ўлароқ зикр этилган бир неча штат – Кентукки, Иллинойс, Мэриленд ва Мичиган штатлари губернаторлари унинг номзодини қўллашларини билдиришди. Уларга Намояндалар палатасининг собиқ спикери бўлган нуфузли сиёсатчи Нэнси Пелоси ҳам қўшилди, ваҳоланки у даставвал Ҳаррис номзодини очиқ-ошкор қўллаб чиқмаган эди.
Ҳарриснинг сайлов штаби Барак Обама маъмуриятида адлия вазири бўлиб ишлаган Эрик Холдер вице-президентликка номзод танлаш процедурасига бош бўлишини эълон қилди. Камала Ҳаррис қайси номзодни танлаши ҳақида ҳозирча ҳеч қандай аниқ ишора йўқ.
Сайловолди қароргоҳига ташриф чоғида Камала Ҳаррис ўз сайловолди кампаниясини ўтмишда прокурор бўлиб ишлагани, шунинг учун ҳам “йиртқичлар” ва “товламачилар” билан яхши таниш эканини эслатишдан бошлади.
“Мен Дональд Трамп каби одамлар тоифаси қандай бўлиши биламан”, дея билдирди Ҳаррис.
Дональд Трамп ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифасида Байденнинг сайловда иштирокдан бош тортишга оид қарори “қаҳрамонона қадам” деб аталаётганидан нолиди ва Ҳаррис номзодини “барбод” номзод деб атади.