АҚШ Регистон майдони муҳофазаси учун молиявий кўмак ажратади

Самарқанддаги Регистон майдони (иллюстратив сурат)

АҚШ Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида консервация ва реставрация ишлари учун 500 минг доллар миқдорида маблағ ажратади. Бу ҳақда 13 ноябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтган АҚШ–Ўзбекистон стратегик шериклик мулоқотининг навбатдаги йиғилиши якунида маълум қилинди.

АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов раислигидаги мулоқотда иқтисодий ва хавфсизликка доир ҳамкорлик, инсон ҳуқуқлари масалалари муҳокама қилинган.

Вашингтон Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сўзсиз қўллаб-қувватлашини яна бир карра тасдиқлаган.

Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг минтақадаги археология ва маданиятни сақлаш соҳасидаги етакчилиги учун миннатдорлик билдирган. Шу муносабат билан АҚШ элчиларининг маданий меросни асраш жамғармаси орқали Регистон майдонида архитектура консервацияси ва реставрацияси ишлари учун ярим миллион доллар миқдорида маблағ ажратилиши эълон қилинган.

Октябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли шаҳри яқинидаги ХII асрга оид Халифа Ражаб (Эрежеп) мақбараси ҳам Қўшма Штатлар кўмагида қайта тикланганди.

2001 йилда таъсис этилган АҚШ элчиларининг маданий меросни асраш жамғармаси ривожланаётган мамлакатларга тарихий обидалар ва маданий объектларни сақлаб қолишда молиявий кўмак беради. Жамғарма Ўзбекистондаги 10 дан зиёд лойиҳа учун 1,3 миллион доллар ажратган.