АҚШ Россия билан ҳамкорлик қилаётган Туркияни санкциялар борасида огоҳлантирди

АҚШ Россиянинг санкция остига тушган фирмалари ва фуқаролари билан ҳамкорлик қилаётган турк ширкатларини огоҳлантирди, дея хабар қилди Wall Street Journal нашри.

Газета ўз тасарруфида АҚШ молия вазирининг ўринбосари Уолли Адиемонинг Туркиядаги Америка савдо палатаси ҳамда Туркия саноат ва тадбиркорлик ассоциациясига йўлланган мактуби борлигини, унда санкция рўйхатига тушган Россия компаниялари билан ишлаётган турк ширкатлари ўзларини АҚШ санкцияларига нишон бўлиш хатари остига қўяётганлари урғуланганини қайд этган.

Мактубда Туркия банклари алоҳида эслатилган. Нашр Россия банклари билан алоқага эга Туркия банкларига АҚШ банклари билан ишлаш тақиқланиши мумкинлигига эътибор қаратган.

Бу огоҳлантирув Вашингтон томонидан Анқарага нисбатан босим кучайиб бораётганидан далолат беради. Туркия НАТОга аъзо давлатлар орасида Украина ҳудудига бостириб кирган Россияга қарши киритилмиш халқаро санкцияларга қўшилмаган ягона мамлакат бўлиб ҳисобланади. Бунинг натижасида, Wall Street Journal газетасининг ёзишича, Туркия Россия капитали учун қочиш жойига айланиб қолган.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган ҳафтада АҚШ ва Туркия молия вазирларининг ўринбосарлари ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтган, унда Уолли Адиемо Туркия россияликлар томонидан санкцияларни айланиб ўтиш учун қўлланилаётгани юзасидан хавотир изҳор қилган. Ўшанда туркиялик мулозим америкалик ҳамкасбига Туркия ширкатлари ва фуқароларига халқаро санкцияларни бузишга рухсат этилмаслигини билдирган.