АҚШ Молия вазирлиги Россия Марказий банки ва россиялик олигархларга тегишли 330 миллиард долларлик активларни музлатиб қўйган.
Вазирлик сайтида маълум қилинишича, бу иш билан АҚШ Молия вазирлиги қошида ташкил этилган Россия активларини қидириб топиш бўйича гуруҳ (REPO) шуғулланган. АҚШ молия ва адлия вазирларидан ташқари мазкур гуруҳга Еврокомиссия, Британия, Канада, Австралия, Германия, Италия, Франция ва Япония вакиллари кирган.
Баёнотда қайд этилишича, бир неча мамлакат вазирлик ва идораларининг 100 кунлик саъй-ҳаракатлари натижасида REPO вакиллари қуйидагиларга эришганлар:
Россия Марказий банкининг 300 миллиард долларлик активларини музлатиш;
Россиялик олигархларга тегишли 30 миллиард доллардан кўпроқ активларни музлатиш ёки блокировка қилиш;
Олигархларга ёки уларга алоқадор шахсларга тегишли яхталарни (Amadea, Tango, Amore Vero, Rahil ва Phi кабилар шулар жумласидан) ҳибсга олиш, блокировка қилиш ёки тўхтатиб қолиш;
Олигархларга қарашли виллалар, ҳашаматли уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини ҳибсга олиш;
Россиянинг глобал молия тизимларидан фойдаланиш имкониятларини чеклаш, бу Москванинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар олиб бориши учун зарур бўлган технологиялардан фойдаланишни сезиларли даражада қийинлаштирган.
АҚШ Молия вазирлиги REPO гуруҳи россиялик олигархлар активини қидириш бўйича фаолиятини давом эттиришини таъкидлаган. Россиялик олигархларга қарши чоралар кўрилиши ҳақида аввалроқ президент Жо Байден ҳам билдирган эди.