АҚШ Савдо вазирлигининг Саноат ва хавфсизлик бюроси 2 ноябрь куни Россиядаги 12 ва Ўзбекистондаги битта ширкатни махсус назорат рўйхатига киритди.
Расман билдирилишича, мазкур ширкатлар учувчисиз бошқариладиган учувчи аппаратларни сотиб олиш, ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланади. Улар Россияга учувчи аппаратларни етказиб бериш орқали Москвага Украина урушига кўмаклашаётганликда гумонланмоқда.
Савдо вазирлиги эълон қилган рўйхатга Ўзбекистондаги Mvizion МЧЖ киритилган. Рўйхатда Mvizion МЧЖ Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани Қатортол кўчаси 8-уй, 7-блокда ва Тошкент шаҳри Гейдар Алиев кўчаси 313-уйда жойлашгани айтилади.
Оrginfo.uz сайтидаги маълумотга қараганда, Mvizion МЧЖ 2022 йилнинг 14 июнида рўйхатдан ўтган ва Тошкент шаҳри Гейдар Алиев кўчаси 313-уйда жойлашган. Устав жамғармаси 1 млн сўм.
МЧЖ электрон ва телекоммуникация ускуналари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари улгуржи савдоси билан шуғулланади. Ширкатнинг раҳбари ва ягона таъсисчиси сифатида Иевлев Игор Николаевич кўрсатилган.
АҚШ савдо вазирлиги махсус назорат рўйхатига киритилган тадбиркорлик субъектларига нисбатан энг жиддий экспорт чекловларини қўллайди, улар учун АҚШ технологиялари ва товарлари бозорини ёпади.
2023 йилнинг апрель ойида АҚШ Молия вазирлиги ва Британия ҳукумати Алишер Усмоновнинг USM холдингига нисбатан санкциялар киритган. Ўшанда USM холдингига алоқадорлиги айтилган Ўзбекистондаги “Охангаронцемент” АЖ ва “Akkermann Cement CA” МЧЖ ҳам санкция рўйхатига тушган эди.