АҚШ Россияга қарши янги санкциялар ҳозирламоқда

Юқори даражадаги мобилликка эга бўлган ракета тизими (HIMARS)

Жо Байден маъмурияти ўз ваколатлари тугайдиган январь ойи ярмигача Россия ҳарбий машинасига путур етказиш учун бу мамлакатга қарши янада кўпроқ санкциялар жорий қилишни режалаятпи. Бу ҳақда АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан билдирди.

АҚШ Россиянинг молия секторига қарши жиддий санкциялар жорий қилди, улар ортидан янада кўпроқ санкциялар киритилади”, дея қайд этган Салливан бунга оид тафсилотларни очиқлаган эмас.

Бундан ташқари, АҚШ Украинага 725 миллион доллар миқдорида қўшимча ҳарбий ёрдам ажратади, бу ёрдам дронларга қарши кураш тизимлари ва HIMARS реактив артиллерия тизими учун снарядларни ўзи ичига олади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен баёнотида айтилган.

Янги пакет доирасида Киев “Стингер” ракеталари, дронларга қарши кураш тизимлари учун ўқ-дори, 155 мм ва 105 мм калибрли артиллерия снарядлари, дронлар, пиёдаларга қарши миналар, танкка қарши тизимлар, TOW бошқарилувчи ракеталари, ўқотар қуроллар ҳамда ўта муҳим инфратузилма объектларини ҳимоялаш учун жиҳозларга эга бўлади.

Президент Жо Байден Конгресс томонидан Украинага ҳарбий ёрдам ўлароқ ажратилган барча маблағларни ўз ваколатлари тугайдиган 20 январгача сарфлаб битиришни ваъда қилган. Бугунги кунда бу сумма 7 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилади.

Дональд Трамп президент этиб сайланганидан кейин Байден командаси Украинага ҳарбий ёрдам йўллашни тезлаштирган, Киевга Россия ҳудудидаги ҳадафларга узоқ манзилли ATACMS ракеталари билан зарба беришга рухсат берган, Украинага пиёдаларга қарши миналар берилишига эришган, Москвага қарши янги санкциялар жорий қилган.